Пахта етиштиришда Хитой технологияси: тежамкорлик ва самарадорлик
Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида пахта етиштиришда замонавий технологияларни қўллаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ҳосилдорликни оширишга қаратилган тажриба амалга оширилмоқда. Ушбу жараён билан танишиш мақсадида республика оммавий ахборот воситалари вакиллари учун медиа-тур ташкил этилди.
Туман ҳокимлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматлари ҳамкорлигида ўтказилган медиа-турнинг дастлабки манзили «Ичанқалъа» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги пахта майдони бўлди. Бу ерда хитойлик тадбиркорлар томонидан 50 гектар майдонда Хитой технологияси асосида пахта етиштирилмоқда.
Медиа-тур иштирокчилари Хитой навига мансуб чигит экилган майдонлардаги ғўзаларнинг ривожланиши ва тажрибанинг дастлабки натижалари билан танишди. Хитойлик мутахассислар пахта етиштиришда қўлланилаётган янги усулнинг афзалликлари ҳақида маълумот бериб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Қайд этилганидек, жорий йил май ойида чигитлар томчилатиб суғориш усулида, плёнка остига экилган. Мазкур технологияда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, агротехник тадбирларга сарфланадиган меҳнат ва ресурсларни тежашга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, куз-қиш ойларида тупроқ шўрини ювиш учун сув сарфланмаган, минерал ўғитлар эса суғориш суви билан бирга бевосита ўсимлик илдизига етказиб берилган. Шунингдек, ғўза қатор ораларига механизация воситалари ёрдамида ишлов беришга эҳтиёж бўлмаган.
Мутахассислар таъкидлаганидек, мазкур технология сув ресурсларини тежаш, ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва пахта ҳосилдорлигини ошириш имконини беради.
[gallery-31987]
Хитойлик инвесторлар тажриба натижалари асосида юқори ҳосил олишни режалаштирмоқда. Мазкур технологиянинг маҳаллий тупроқ-иқлим шароитидаги самарадорлигини баҳолаш эса қишлоқ хўжалигида илғор усулларни кенг жорий этиш учун муҳим аҳамиятга эга.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА