Параосиё ўйинлари олдидан муҳим учрашув
Жорий йилнинг 18–24 октябрь кунлари Япониянинг Аичи префектураси ва Нагоя шаҳрида V Параосиё ўйинлари бўлиб ўтади. Унда қитъанинг 45 та мамлакати вакиллари 18 та спорт тури бўйича баҳс олиб боради.
Айни дамда Японияда бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси мусобақада 11 та спорт тури бўйича баҳслашади. Куни кеча V Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегациясининг муносиб иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Спорт вазири ўринбосари Мурод Исмоилов ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев иштирокида делегация штабида ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди. Унда мамлакатимиз делегацияси таркибидаги барча спорт турлари бўйича мураббийлар ва масъуллар қатнашди.
Йиғилишда спортчиларнинг мусобақаларга тайёргарлик ҳолати атрофлича кўриб чиқилиб, делегация олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, делегация фаолиятини самарали ташкил этиш, спортчиларнинг Параосиё ўйинларида муносиб иштирокини таъминлаш ҳамда юқори натижаларга эришиш учун мавжуд имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, V ёзги Параосиё ўйинлари доирасида Атлетлар шаҳарчасида Ўзбекистон делегациясини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Япониянинг «Garden Pier» боғида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон делегацияси аъзолари иштирок этди.
Маросимда ташкилий қўмита вакиллари делегациямиз аъзоларини самимий кутиб олиб, спортчиларимизга бўлажак мусобақаларда омад ва муваффақият тилади. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграб, мамлакатимиз байроғи кўтарилди.

Тантанали маросим делегацияларни мусобақалар муҳитига мослаштириш, шунингдек, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.



Маълумот учун, 2023 йилда Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган IV Параосиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси 25 та олтин, 24 та кумуш ва 30 та бронза, жами 79 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 8-ўринни эгаллаган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА