Озодбек Назарбеков халқаро мукофотга муносиб кўрилди
Мамлакатимиз Маданият вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, Туркия Республикасининг “Tiyatro Gazetesi” нашри тарихий театр масканлари билан ажралиб турадиган Анталиянинг маданият ва санъат соҳасидаги нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшиш ва театр санъати фидойилари фаолиятини халқаро даражада эътироф этиш мақсадида ўтган йилдан бошлаб Халқаро Ўрта ер денгизи театр мукофотлари тақдирлаш маросимини йўлга қўйган эди.
Мазкур халқаро тадбирда Ўрта ер денгизи минтақаси ва хорижий давлатлардан танлаб олинган номзодларга мукофотлар тантанали равишда топширилади. Қувонарли жиҳати шундаки, Ташкилий қўмита қарори билан бу йил Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков “Туркий дунё маданиятига қўшган ҳиссаси учун” номинацияси бўйича халқаро мукофотга муносиб кўрилди. Бу ҳақдаги хабар “Tiyatro Gazetesi”нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинди.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда театр санъатига кўрсатилаётган юксак эътибор ва соҳани қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар, хусусан, хориждан режиссёрларнинг таклиф этилаётгани, мамлакатнинг халқаро фестиваллардаги фаол иштироки катта қизиқиш билан кузатиб борилмоқда ва бу жараёнлар эътирофга лойиқ.
Ўзбекистон Раҳбариятининг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг ижодий фаолиятга бераётган бундай улкан аҳамияти ҳамда кўрсатаётган кўмаги театр санъати ривожида, унинг оммалашишида жуда муҳим.
Шуларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбековни халқаро мукофот билан тақдирлашга қарор қилинди.
Тантанали тақдирлаш маросими 2026 йил 26 сентябрь куни Анталияда бўлиб ўтади.
Н.Усмонова, ЎзА