“Ўзкимёсаноат” АЖнинг 9 ойлик фаолияти: мурожаатдан ечимгача
“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти Ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлаганов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Унда жамиятда 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш борасида амалга оширилган ишлар, уларни кўриб чиқиш натижалари ҳамда фуқаролар билан очиқ мулоқотни таъминлаш йўналишидаги фаолият юзасидан маълумот берилди.
Тадбирда таъкидланганидек, ҳисобот даврида жамият ижро аппаратига жами 198 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 59 таси ёзма, 42 таси оғзаки ва 97 таси электрон шаклда қабул қилинган. Мурожаатларнинг 130 таси жисмоний шахслар, 68 таси эса юридик шахслар томонидан йўлланган.
Келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида уларда кўтарилган масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, қонунчилик талаблари асосида ечим топиш ҳамда мурожаат муаллифларига зарур тушунтиришлар беришга алоҳида эътибор қаратилди.
Натижада 90 та мурожаат ижобий ҳал этилди, 94 таси бўйича тегишли тушунтиришлар берилди. 3 та мурожаат тааллуқлилиги бўйича тегишли ташкилотларга юборилди. Яна 6 та мурожаатни кўриб чиқиш ишлари давом этмоқда.
Шунингдек, тадбирда фуқаролар билан бевосита мулоқотни кучайтириш ва уларни қийнаётган муаммоларни жойида ўрганишга қаратилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, жамият бошқаруви раиси ҳамда унинг ўринбосарлари томонидан ҳудудларда 11 марта сайёр қабул ташкил этилди. Ушбу қабулларда фуқароларнинг 35 та мурожаати кўриб чиқилиб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Брифингда таъкидланганидек, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишда “Халқ қабулхоналари” билан ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳисобот даврида мазкур қабулхоналар орқали келиб тушган 2 та мурожаат белгиланган муддатларда ижобий ҳал қилинган.
Мурожаатлар таҳлилига кўра, фуқаролар ва ташкилотларни, асосан, ишга жойлашиш, минерал ўғитлар хариди, қонунчилик ва белгиланган тартиб-таомилларга риоя этилиши, иш ҳақи, ҳомийлик ёрдами ҳамда ҳамкорлик масалалари қизиқтирмоқда.
Брифинг якунида “Ўзкимёсаноат” АЖда мурожаатлар билан ишлаш фаолиятининг асосий мақсади жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш, уларда кўтарилган масалаларни холисона ўрганиш, қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда жамият фаолиятида очиқлик ва шаффофликни мустаҳкамлашдан иборат экани таъкидланди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА