Ўзбошимча эгалланган ер учун ҳам қонун устувор, жазо муқаррар
Ҳар бир қарич ернинг ҳисоб-китоби бор. Айрим юртдошларимизнинг ҳамон ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб, ғайриқонуний фойдаланишга уринаётгани ачинарлидир. Жойларда ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймаслик чоралари кўрилиб, ердан фойдаланиш маданиятини оширишга қаратилган узлуксиз тадбирлар ташкил этилаётган бўлса-да, ер тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига сабаб бўлаётган инсонлар учраётгани кўпчиликни беихтиёр ўйга толдирмоқда.
Сурхондарё вилоятида Кадастр агентлиги бошқармаси ва унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан ер қонунчилиги ижроси устидан назоратни кучайтириш, қонунбузилишларни ўз вақтида аниқлаш ва белгиланган вазифаларни самарали бажаришда “E-yer nazorat” автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 7 сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ишлаб чиқилган мазкур тизим изчил такомиллаштириб борилмоқда. Жумладан, у Ички ишлар вазирлигининг “Э-маъмурий иш” тизими билан интеграция қилинган.
Агентлик томонидан тақдим этилган махсус планшетлар ёрдамида ер қонунчилигини бузган шахсларни аниқлаш, маъмурий баённомаларни электрон шаклда расмийлаштириш имконияти яратилган. Бу эса ортиқча қоғозбозликни камайтириш, ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш муддатларини қисқартириш ҳамда идоралараро ҳужжат алмашинувини тезлаштиришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, тизим орқали космик суратлар асосида ер майдонларининг ҳолатини кузатиб бориш, ноқонуний қурилишлар ва қурилиш жараёнидаги қонунбузилишларни эрта аниқлаш имкониятлари кенгаймоқда.

Соҳада юз бераётган бундай ўзгариш ва янгиланишлар ердан оқилона фойдаланиш ва ерларни ўзбошимчалик билан эгаллашнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Масалан, Кадастр агентлиги Қизириқ тумани бўлими назоратчилари туманда ер қонунчилиги талабларига риоя этилиши юзасидан ўтказган ер назорати тадбирлари чоғида бир йўла иккита қонунбузилиш ҳолатига дуч келди. Биринчи ҳолатда тумандаги масъулияти чекланган жамияти ҳисобида бўлган суғориладиган экин ер майдонининг 100 метр-квадрат қисмини Бўрибой Аҳмедов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўзбошимчалик билан эгаллаб, ҳудудда ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширгани аниқланди. Ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилди. Шунингдек, ноқонуний қурилмани ихтиёрий равишда бартараф этиш юзасидан ўзбошимча фуқарога огоҳлантириш хати берилди.

Иккинчи ҳолатда тумандаги маҳаллий ариқнинг муҳофаза ҳудудидан Камол Хўжаев 50 метр-квадрат ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний қурилиш ишларини бажаргани маълум бўлди. Бу қонунбузилиш юзасидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Белгиланган тартибда жарима қўлланилиб, ноқонуний қурилмани бартараф этиш бўйича ёзма кўрсатма берилди. Натижада ноқонуний қурилма фуқаронинг ўз ҳисобидан тўлиқ бартараф этилиб, ер участкаси дастлабки ҳолатига қайтарилиши таъминланди.
Кези келганда айтиш лозимки, ер билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, мунтазам тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ҳам ўз самарасини беради. Шу боис ҳудудларда қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш баробарида аҳолига ердан фойдаланишда йўл қўйилган қонун бузилишларининг ҳуқуқий оқибатлари атрофлича тушунтирилаётир. Қонуний ер майдонининг ҳар қаричидан оқилона фойдаланиб, қўшимча даромад топиш юзасидан кенг қамровли тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.
Менглимамат Абдураҳманов,
Кадастр агентлиги
Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи.
ЎзА