Ўзбекистоннинг ёшлар парламент дипломатиясини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси эътироф этилди
Парламентлараро иттифоқнинг 153-ассамблеяси доирасида ўтказилган Бошқарув кенгаши мажлисида 2026 йил сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган Ёш парламент аъзоларининг XII Глобал конференцияси натижалари тақдим этилди.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева конференция инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш масаласига бағишлангани, бугун инсоният муҳим чорраҳада турган бир пайтда ушбу мавзу ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканини қайд этди.
50 мамлакатдан 150 нафарга яқин ёш парламентарийни бирлаштирган Самарқанд форумида экспертлар, ёшлар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида долзарб муаммоларга амалий ечимлар муҳокама қилиниб, аниқ тавсияларни қамраб олган Якуний ҳужжат қабул қилинди.
Сенат Раиси глобал хавф-хатарлар шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган парламент қарорларини ишлаб чиқишда мазкур ҳужжатнинг аҳамияти беқиёс эканини таъкидлади. Унда БМТнинг «Ёшлар, тинчлик ва хавфсизлик» кун тартибини амалга ошириш, рақамли платформаларни инсон ҳуқуқлари тамойиллари асосида масъулият билан тартибга солиш ҳамда ёшларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш бўйича тавсиялар белгиланган.

2025 йилги Тошкент декларацияси ҳамда Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган БМТ резолюцияларига таяниб, Барқарор ривожланиш мақсадларига бағишланган махсус сессия ўтказилди. Унда иқлимга оид қарорларда ёшлар иштирокини кенгайтириш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш ўзаро узвий боғлиқ экани, парламентларнинг 2030 йилгача бўлган кун тартибини амалга оширишда ўзига хос масъулияти борлиги таъкидланди.
Т.Норбоева конференцияни ўтказиш дастлабки қадам эканини қайд этиб, парламентарийларни Якуний ҳужжатдан ҳаракатлар учун йўл харитаси сифатида фойдаланишга чақирди. Асосий вазифа – унда белгиланган ғоя ва тавсияларни фуқаролар ҳаётида аниқ натижаларга айлантириш.

Нутқ якунида конференция натижаларига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Хорижий парламентлар вакиллари анжуманнинг ташкилий даражаси, халқаро миқёси ва мазмунини, натижаларини юқори баҳоладилар. Якуний ҳужжатнинг амалий аҳамияти ҳамда Ўзбекистоннинг ёшлар парламент дипломатиясини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА