Ўзбекистоннинг яна икки канали Жаҳон ирригация мероси рўйхатидан жой олди
Ўзбекистоннинг “Дарғом” ва “Шоҳруд” каналлари 2026 йилда Жаҳон ирригация мероси объектлари сифатида эътироф этилиб, Ирригация ва дренаж бўйича халқаро комиссия (МКИД) реестрига киритилди. Бу ҳақда Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги хабар берди.
Тақдирлаш маросими 14 октябрь куни Франциянинг Марсель шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро конгресс доирасида ўтказилди. Унда масъулларга каналлар учун сертификатлар ва эсдалик лавҳалари топширилди.
Самарқанд воҳасини сув билан таъминлайдиган “Дарғом” канали милоддан аввалги V-IV асрларда қурилган деб ҳисобланади. Узунлиги қарийб 102 километр бўлган канал бугун ҳам 178 минг гектарга яқин майдонни суғоришга хизмат қилади.
“Шоҳруд” канали эса милодий III-IV асрларда қазилган деб тахмин қилинади. У асрлар давомида Бухоро шаҳри ва воҳанинг ривожланишида муҳим ўрин тутган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ўзбекистоннинг “Дўстлик” ва “Эски Туятортар” каналлари ҳам Жаҳон ирригация мероси рўйхатига киритилган эди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА