Ўзбекистоннинг геологик ўрганилганлик даражаси 45 фоизга етди
Бугун Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги мутасаддилари иштирокида “Ўзбекистон минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва геология-қидирув ишларида замонавий ёндашувлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бўлими бошлиғи Нафиса Дўлабоева, Геология дастурини шакллантириш бўлими бошлиғи Ворис Салихов ҳамда “Ўзбек геология қидирув” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари - бош геолог Элмурод Эргашев сўзга чиқиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифалар ҳақида гапирди.
Таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан геология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар минерал-хомашё базасини кенгайтириш, янги конларни аниқлаш, замонавий технологияларни жорий этиш, инвестицияларни жалб қилиш ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлашга қаратилган.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида 60 минг квадрат километр майдонда геология-қидирув ишларини амалга ошириш, олтин ишлаб чиқаришни 1,5 баробар, кумушни 3 карра, мисни 3,5 баробар, уран, темир ва кўмирни 3 баробар ошириш мақсад қилинган.

– Истиқболли ҳудудларни геологик жиҳатдан ўрганиш, янги конларни аниқлаш ва минерал-хомашё базасини кенгайтириш бугунги кундаги асосий вазифалардан. Айниқса, кам ўрганилган ҳудудлар ва чуқур горизонтларни тадқиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2016-2025 йилларда Ўзбекистон ҳудудининг геологик ўрганилганлик даражаси 20 фоиздан 45 фоизга ошди. Геологик ўрганилган майдон 89 минг квадрат километрдан 200 минг квадрат километрга етди. Тоғли ва тоғолди ҳудудларида бу кўрсаткич 36 фоиздан 62 фоизгача ошди. Натижада 185 та истиқболли майдон ва 50 дан ортиқ фойдали қазилма кони аниқланди. Бугунги кунда минерал-хомашё базасини ривожлантириш давлат дастури доирасида 2025 йилда 289 та лойиҳа бўйича геология-қидирув ишлари олиб борилиб, 33 та янги кон аниқланди. 2026 йилда эса ишлар 275 та лойиҳа доирасида давом эттирилмоқда, –деди Н.Дўлабоева.
Шунингдек, соҳани технологик жиҳатдан янгилаш доирасида геологик маълумотларни ягона рақамли базага жамлаш, сунъий интеллект, замонавий геофизика, масофадан зондлаш ва 3D моделлаштириш технологияларидан фойдаланиш кенгайтирилмоқда. Давлат геология фондидаги 36 мингта геологик ҳисобот электрон шаклга ўтказилди, республика ҳудудининг 1:200 000 масштабдаги рақамли геологик ва гидрогеологик хариталари яратилди. Ер қаъридан фойдаланиш соҳасидаги 7 та давлат хизмати рақамлаштирилди.

“Ўзбек геология қидирув” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари - бош геолог Элмурод Эргашевнинг таъкидлашича, давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор вазифалардан бири аниқланган минерал ресурсларни шунчаки қазиб олиш эмас, балки уларни мамлакатимизда чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришдан иборат.
–2030 йилгача регионал геологик тадқиқотлар билан 18 минг квадрат километр, аэрогеофизик тадқиқотлар билан 60 минг квадрат километр майдонни қамраб олиш кўзда тутилган. 2026-2030 йилларда муҳим минераллар йўналишида умумий қиймати 4,2 миллиард долларлик 120 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ва юқори малакали иш ўринларини ташкил этишга хизмат қилади. 2017-2025 йилларда фойдали қазилмаларни излаш ва ўзлаштириш лойиҳаларига 7,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар жалб қилинди. Ҳозирда 60 та лойиҳа амалга оширилмоқда, ўндан ортиқ истиқболли майдон ва конларда захиралар тасдиқланиб, уларни ўзлаштириш бошланган, –деди у.
Матбуот анжумани якунида минерал ресурсларни шунчаки қазиб олиш эмас, балки уларни мамлакатимизда чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш, геология-қидирув ишларини замонавий технологиялар асосида янада кенгайтириш бўйича вазифалар таъкидланди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА