Ўзбекистонда яйловлардан самарали фойдаланиш ва чорвачиликни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чоралар белгиланди
Яйлов ерларидан самарали фойдаланиш ва чорвачиликни қўллаб-қувватлашда янги босқич. Президент қарори соҳада жиддий ислоҳотларни белгилаб берди. Бу қандай ўзгаришлар?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Яйлов ерларидан самарали фойдаланиш ва чорвачилик хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Жорий йилнинг 14 октябрида қабул қилинган қарорга кўра, деградацияга учраган яйлов ерлари майдони 2026 йил якунига қадар 10 фоизга, 2027 йил якунига қадар камида 20 фоизга қисқартирилади.
Асосий ўзгаришлар қуйидагилардан иборат:
2026 йил 1 октябрдан ҳисобланган яйлов ерларидан фойдаланиш учун ижара тўловлари ҳудудий яйлов хўжаликларига тўлиғича ўтказилади;
2027 йил 1 январдан бошлаб бир бош йирик шохли ва бир бош майда шохли мол учун тўғри келадиган майдон меъёрлари геоботаник таҳлил асосида Чорвачилик агентлиги томонидан тасдиқланади (ҳудудлар кесимида беш гектардан ошмаган миқдорда);
Яйлов ерлари “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ҳудудларга ажратилади: “яшил” ҳудудларда ўтлатишга рухсат берилади, “сариқ” ҳудудларда мажбурий тартибда алмашлаб ўтлатиш жорий этилади, “қизил” ҳудудларда чорва молларини ўтлатишга камида 3 йил муддатга мораторий эълон қилинади;
2028 йил 1 январдан бошлаб яйловларни суғурталаш тизими жорий қилинади: суғурта мукофотининг 50 фоизи яйловдан фойдаланувчилар томонидан, қолган 50 фоизи Қишлоқ хўжалиги суғурта жамғармаси томонидан республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қопланади;
Жамоат яйловлари ташкил этилиб, улар халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларининг қарорига асосан ҳудудий яйлов хўжаликлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларига 49 йил муддатга бепул ижарага берилади; ижарага берилган яйлов ер майдонларига солиқ солишнинг ноль ставкаси қўлланади;
Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Нишон ва Ғузор туманларидаги барча мавжуд яйловларда сунъий йўлдош кузатув тизими 2027 йил 1 мартга қадар тажриба тариқасида жорий қилиниб, Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлари илмий-ишлаб чиқариш маркази томонидан 2026–2028 йилларда 4 100 гектар уруғчилик майдонлари ташкил этиш прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ тасдиқланади.
Шербек Исломов, ЎзА