Ўзбекистонда XI Европа кинофестивали бўлиб ўтади
Кино санъати халқлар маданияти ва қадриятларини намоён этиш, мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Халқаро кинофестиваллар эса турли мамлакатлар кинематографияси ютуқларини кенг жамоатчиликка етказиш, ижодий тажриба алмашиш ва томошабинларни янги асарлар билан таништириш учун муҳим майдон ҳисобланади.
Ана шундай маданий тадбирлардан бири – XI Европа кинофестивали. Фестиваль 23-25 октябрь кунлари Тошкентда, 27 октябрь куни эса илк бор Урганч шаҳрида бўлиб ўтади.
Фестиваль дастуридан драма ва биографик асарлардан тортиб, ҳужжатли фильмлар ҳамда анимацион ленталаргача бўлган 11 та фильм ўрин олган. Улар Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида намойиш этилади. Шунингдек, 28 октябрь куни Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда талабалар учун қисқа метражли фильмлар намойишини ташкил этади. Moc Hub маданий маконида ҳам кенг жамоатчилик учун фильмлар намойиши ўтказилади.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ахборот хизмати раҳбари Малика Мусаеванинг таъкидлашича, фестиваль Европа мамлакатлари кинематографияси билан танишиш, уларнинг маданий мероси ва ижодий ёндашувларини кашф этиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Европа давлатлари ўртасидаги маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– Фестиваль доирасида Кипр, Франция, Германия, Греция, Италия, Латвия, Литва, Люксембург, Руминия ва Словения элчихоналари ўз фильмларини тақдим этади. Тадбирни ташкил этишда Гёте институти ҳамда Тошкентдаги Франция альянси ҳам фаол иштирок этмоқда. Дастурдан ўрин олган бир қатор фильмлар миллий ва халқаро кино мукофотлари совриндорлари ҳисобланади, – деди Малика Мусаева.
Эслатиб ўтамиз, Европа кинофестивали 2013 йилдан буён ҳар йили Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Европа давлатлари элчихоналари ҳамкорлигида ва Кинематография агентлиги кўмагида ўтказиб келинмоқда.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА