Ўзбекистонда халқаро стандартларга мос мутахассислар тайёрлаш маркази очилади
Юртимизда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда ташқи меҳнат бозори имкониятларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Алишер Муратов Саудия Арабистонининг «CDOT Partners» компанияси раҳбари Файсал Ал-Давуд билан учрашув ўтказди.
Учрашувда касбий таълимни ривожлантириш, халқаро стандартлар асосида мутахассислар тайёрлаш ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Якунда томонлар ўртасида ҳамкорлик ва инвестициялар тўғрисидаги ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат доирасида авиация, энергетика ва қурилиш соҳалари учун мутахассислар тайёрлайдиган замонавий ўқув марказини ташкил этиш, касбий компетенцияларни баҳолаш ва халқаро сертификатлаш тизимини жорий этиш режалаштирилган.

Қайд этилганидек, мазкур ҳамкорлик малакали кадрлар тайёрлаш, янги иш ўринларини яратиш ва фуқароларнинг халқаро меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА