Ўзбекистонда сел-тошқинлар 2,8 баробар кўпайди: унинг олдини олиш чоралари қандай? (+видео)
Ўзбекистонда сел-тошқинлар 2,8 баробар кўпайди. Иқлим ўзгариши аҳоли хавфсизлиги ва инфратузилмага қандай хавф солади? Маҳаллий ва хорижий вакиллар, соҳа мутахассислари, олимлар ҳамда экспертлар иштирокида ушбу муаммоларнинг олдини олиш чоралари муҳокама қилинди.
Конференцияни очиб берган Фуқаро муҳофазаси институти бошлиғи, полковник Хуршид Алибаев иқлим ўзгариши аҳоли хавфсизлиги, инфратузилма барқарорлиги, сув ва озиқ-овқат ресурслари ҳамда энергетика соҳасига бевосита таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
Тадбирда фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишдан кўра, уларнинг олдини олиш ва хавфларни олдиндан бошқаришга устувор аҳамият бериш зарурлиги қайд этилди. Бунинг учун хавфларни мониторинг қилиш, прогнозлаш, аҳолини эрта огоҳлантириш ва тезкор ҳаракатланиш тизимларини такомиллаштириш муҳим ўрин тутмоқда.
Конференцияда шунингдек, Ўзбекистонда сел-тошқин ҳодисаларининг динамикаси ҳам муҳокама қилинди. Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти вакили Ирина Дергачёва тақдим этган тадқиқотга кўра, 1995–2014-йилларда мамлакатимизда йилига ўртача 32,6 та сел-тoшқин ҳодисаси қайд этилган бўлса, 2015–2025 йилларда бу кўрсаткич 91,2 тага етган. Бу қайд этилган ҳодисаларнинг ўртача йиллик сони қарийб 2,8 баробар ошганини кўрсатади. Бироқ, бу ўсишни табиий офатлар такрорланишининг тўғридан-тўғри кўрсаткичи сифатида талқин қилишда кузатувлар тўлиқлигини ҳам ҳисобга олиш лозим.
Фуқаро муҳофазаси институти доценти Нодиржон Жумаев эса сел хавфи юзага келганда тезкор хизматлар ҳаракатини вақт кўрсаткичлари асосида моделлаштириш бўйича тадқиқотини тақдим этди. Унда аҳолини огоҳлантириш, қутқарув кучларини сафарбар этиш ва эвакуация жараёнларини тезлаштириш имкониятлари кўриб чиқилди. Ҳисоб-китобларда муайян сценарий асосида 6 минг кишини эвакуация қилиш тахминан 6 соат давом этиши мумкинлиги кўрсатилган.
Шунингдек, конференцияда сунъий йўлдош кузатувлари, геоахборот тизимлари ва автоматлаштирилган мониторингдан фойдаланиш, хавф хариталарини ишлаб чиқиш, аҳоли пунктлари ва муҳим инфратузилмани муҳофаза қилиш масалалари муҳокама қилинди. Марказий Осиёдаги трансчегаравий табиий хавфларни камайтириш мақсадида давлатлар ўртасида тезкор ахборот алмашинуви, қўшма мониторинг, илмий ҳамкорлик ва халқаро ўқув машғулотларини ривожлантириш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Конференция доирасида болалар ва ёшларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини ошириш, эвакуация қоидалари ва хавфсизлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган амалий машғулотлар ташкил этилди. Тадбир якунида илмий материаллар тўпламини нашр этиш режалаштирилгани қайд этилди.
Ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Моҳичеҳра Эшмирзаева,
Дониёр Якубов,
Салим Обиджонов,
ЎзА