Ўзбекистонда саноат корхоналари асосан нималар ишлаб чиқармоқда?
Ўзбекистонда саноат тармоғида фаолият юритаётган корхоналар сони 63,9 мингтага етди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ушбу кўрсаткич 2026 йил 1 август ҳолатига қайд этилган. Саноат корхоналарининг асосий қисми озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари, кийим-кечак, тайёр металл буюмлар ва мебель ишлаб чиқариш каби йўналишларга тўғри келади.
Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида 12,8 мингта корхона фаолият юритиб, уларнинг умумий саноат корхоналаридаги улуши 20,1 фоизни ташкил этган.
Бошқа нометалл минерал маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўналишида 9 мингта корхона мавжуд бўлиб, уларнинг улуши 14 фоизга тенг. Шунингдек, кийим ишлаб чиқариш соҳасида 6,5 мингта (10,2 фоиз), тайёр металл буюмлар ишлаб чиқаришда 5,2 мингта (8,2 фоиз), мебель ишлаб чиқаришда 4,4 мингта (6,8 фоиз) корхона фаолият олиб бормоқда.
Тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида 3,9 мингта корхона қайд этилган бўлса, резина ва пластмасса буюмлар ишлаб чиқариш билан 3 мингта корхона шуғулланмоқда. Уларнинг умумий саноат корхоналари таркибидаги улуши мос равишда 6,1 ва 4,6 фоизни ташкил этади.
Шу тариқа, саноат тармоғидаги корхоналар таркибида ишлаб чиқаришнинг истеъмол товарлари, қурилиш материаллари ва қайта ишлаш йўналишлари салмоқли ўрин эгалламоқда.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА