Ўзбекистонда Қуръон ва тажвид илмларига эътибор юксак
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимизда илмий сафар билан бўлиб турган Қуръон ва тажвид илмларининг йирик устози, Бутунжаҳон Қуръони каримни ёдлаш ташкилоти Илмий кенгаши раиси доктор Шайх Айман ибн Рушдий Сувайд билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистонда сўнгги йилларда Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатиш, диний-маърифий соҳани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Учрашув давомида юртимиз тажвид устозлари учун ташкил этилаётган маҳорат дарслари ва илмий суҳбатлар, шунингдек, Қуръон илмларини чуқур ўрганишга қаратилган ташаббусларнинг аҳамияти қайд этилди. Муфтий Шайх Айман Сувайдга мазкур илмий-маърифий тадбирлардаги иштироки ва устозларга берилаётган сабоқлари учун миннатдорлик билдирди.

Шайх Айман Сувайднинг ўн қироат илми бўйича кўп йиллик илмий-тадқиқотлари ҳам мулоқотда алоҳида эътироф этилди. Олимнинг қарийб қирқ йиллик изланишлари маҳсули бўлган «Ат-Тажвид ал-Мусоввар» асари, шунингдек, Қуръон ва тажвид илмларига бағишланган теледастурлари дунё мусулмонлари, жумладан, Ўзбекистондаги илм толиблари учун муҳим манба бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

Ўз навбатида, Шайх Айман Сувайд Ўзбекистонда диний-маърифий соҳани ривожлантириш, Қуръони каримга бўлган юксак эҳтиром ҳамда илмий ҳамкорликка қаратилаётган эътиборни юқори баҳолади.
Олим юртимизда ўтказилаётган маҳорат дарсларида иштирок этаётган устоз-мударрисларнинг билим ва илмий салоҳиятидан мамнун бўлганини билдирди.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА