Ўзбекистонда март ойи инфляцияси эълон қилинди
Март ойида Ўзбекистонда инфляция даражаси 0,6 фоизни ташкил этди. Йиллик ҳисобда эса нархлар ўсиши февраль ойидаги 7,3 фоиздан 7,1 фоизгача секинлашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Таҳлилларга кўра, март ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари бошқа товар ва хизматларга нисбатан тезроқ ошишда давом этди. Жумладан, картошка 9,8 фоиз, тухум 2,1 фоиз, гўшт 1,8 фоиз, шакар 1,7 фоиз ва ўсимлик ёғи 0,9 фоизга қимматлашди.
Умуман олганда, март ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 1,2 фоизга ошган. Ноозиқ-овқат товарлари нархи 0,3 фоиз, хизматлар нархи эса 0,2 фоизга кўтарилди. Йиллик ҳисобда хизматлар нархининг ўсиши 12,7 фоизни ташкил этди.
Март ойида айрим мева-сабзавот маҳсулотлари нархида сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Помидор 11,5 фоиз, булғор қалампири 10 фоиз, картошка 9,8 фоиз, олма 7,4 фоиз ва банан 6 фоизга қимматлашди.
Шу билан бирга, бодринг нархи 20,7 фоиз, пиёз 4,6 фоиз ва сабзи 1 фоизга арзонлашди.
Март ойида бензин нархи ўртача 0,9 фоизга пасайди. АИ-92 бензини 0,9 фоиз, АИ-95 бензини эса 1,3 фоизга арзонлашди. Пропан нархи 3,2 фоизга тушган бўлса, метан нархи ўзгаришсиз қолди.
Шунингдек, авиақатновлар 4,1 фоиз, поезд чипталари 0,5 фоизга арзонлашди. Бироқ, такси хизматлари 0,4 фоиз, халқаро автобус қатновлари 1,4 фоизга қимматлашди.
Уй-жой коммунал хизматлари тарифлари асосан барқарор қолди. Маиший чиқиндиларни олиб кетиш хизматлари 0,9 фоиз, уй ижараси 0,2 фоизга ошди. Таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш нархлари эса 0,5–0,9 фоизга кўтарилди.
Шунингдек, дори-дармонлар 0,7 фоиз, лаборатория хизматлари 0,8 фоиз, амбулатор даволаниш хизматлари 0,2 фоиз қимматлашди. Хусусий болалар боғчалари учун тўловлар 0,8 фоиз, тил курслари нархи эса 0,1 фоизга ошди.
30 март куни ўтказилган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев инфляция даражасини 6–6,5 фоиз атрофида ушлаб туриш вазифасини белгилади. Давлат раҳбари озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиш, логистика муаммоларини ҳал этиш ва муқобил транспорт йўналишларидан фойдаланиш бўйича тезкор чоралар кўришни топширди.
Марказий банк раиси Тимур Ишметовнинг таъкидлашича, нефть нархларидаги тебранишлар ва логистикадаги узилишлар инфляцияга қўшимча босим ўтказиши мумкин.
Қайд этилишича, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларидаги ўзгаришлар инфляция динамикасига асосий таъсир кўрсатувчи омиллардан бири бўлиб қолмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА