Ўзбекистонда кино суратга олувчи хорижий компаниялар фойда солиғидан озод этилиши мумкин
Қонун лойиҳасига шарҳ Юртимизда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш ва имтиёзлар бериш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун лойиҳасида тадбиркорлик фаолиятига янада енгиллик бериш мақсадида бир қатор солиқ имтиёзлари ўз аксини топган.
Хусусан, лойиҳага кўра, 2036 йилга қадар концерт-томоша, кинематография, болалар контенти субъектлари, нодавлат теaтр ва театр студиялари ҳамда маданият ва санъат йўналишидаги хусусий ташкилотлар қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ер ва мулк солиқлари ҳамда ходимларнинг даромад солиғидан озод қилиниши белгиланмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда кино суратга олувчи хорижий компаниялар фойда солиғидан озод этилиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, авиакеросин импорти ва ишлаб чиқарувчиларнинг реализацияси 2026 йил 1 июндан 2027 йил 1 июнгача акциз солиғидан озод қилиниши назарда тутилмоқда.
Йўловчиларни енгил автомобилда ташувчи ўзини ўзи банд қилган шахслар 2030 йилга қадар ижтимоий солиқни 10 фоиз чегирма асосида тўлаши белгиланмоқда.
2031 йил 1 августгача замонавий сув тежовчи технологиялар жорий этилган, саноатлашган боғлардаги бурғиланган қудуқлардан олинган сувларга сув солиғи бир сўм миқдорида белгиланмоқда.

Қорамол, қўй ва эчкилар импорти 2026 йил 1 январдан 2029 йилга қадар қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши ҳужжат лойиҳасида акс этмоқда. 2029 йил 1 январга қадар тери ва жун хомашёсини йиғиб олувчи тадбиркорлар фойда, мулк, ер солиғи ва айланмадан олинадиган солиқдан, чарм-пойабзал кичик саноат ҳудудларини бошқариш дирекциялари ҳамда Олтинкўл туманидаги чарм-пойабзал кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси фойда ва ер солиғидан озод қилиниши назарда тутилмоқда.
Қайд этиш лозимки, қонун лойиҳасидаги нормалар тадбиркорлик фаолиятини юритишдаги айрим молиявий ва маъмурий чекловларни камайтириш, ҳудудларда ишбилармонлик фаоллигини ошириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА