Ўзбекистонда болалар манфаатлари таъминланишида ЮНИСЕФ билан ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг минтақавий директори Эдуард Бейгбедер билан учрашди.
(Э. Бейгбедер Самарқандда бўлиб ўтадиган “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт сари йўл” мавзусидаги Бутунжаҳон саммитида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган).
Учрашувда Ўзбекистон ва ЮНИСЕФ ўртасида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаровонлигини таъминлаш ҳамда ҳар бир бола учун муносиб шароитлар яратиш борасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда болалар ҳуқуқларининг конституциявий кафолатларини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаёгани қайд этилди. Бу жараёнда ЮНИСЕФ билан йўлга қўйилган изчил ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда.

Ўзаро мулоқотда болалар манфаатларига оид қонунчилик ҳужжатлари, жумладан, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг аҳамияти, ижроси таъминланаётганига эътибор қаратилди.
Қонунчилик нормаларининг ҳудудларда амалга оширилишини ЮНИСЕФ экспертлари билан ҳамкорликда ўрганиш, болаларга кўрсатилаётган ёрдам самарадорлигини баҳолаш ва натижалар асосида амалий чора-тадбирларни белгилаш зарурлиги айтилди.
Болаларнинг қобилият ва иқтидорини рўёбга чиқариш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, бу борада мутахассислар ва ота-оналарга амалий кўмак кўрсатиш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оила муҳитида тарбиялаш имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам фикр юритилди. ЮНИСЕФ томонидан Ўзбекистонда ушбу йўналишдаги ижобий ўзгаришлар эътироф этилгани қайд этилди.
Бундан ташқари, оилавий болалар уйларида тарбияланаётган болаларни қўллаб-қувватлаш, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларга кўмак кўрсатиш, ногиронлиги бўлган болалар учун хизматлар қамрови ва сифатини ошириш, шунингдек, ижтимоий дастурларни самарали амалга ошириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Мазкур йўналишлардаги ҳамкорликни ЮНИСЕФнинг 2026 - 2030 йилларга мўлжалланган дастурига уйғунлаштириш, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Норгул Абдураимова, ЎзА