Ўзбекистонда 180 дан ортиқ ҳужжат ЖСТ меъёрига мослаштирилди
Маълумки, сўнгги йилларда давлатимиз халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан имтиёзли савдо-иқтисодий муносабат ўрнатишга алоҳида аҳамият қаратмоқда.
Айни пайт юқори сифатли, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш асосида жаҳон бозоридан мустаҳкам ўрин эгаллаш мақсадини кўзлаган ислоҳотларимиз энг фаол босқичга кирган. Табиийки, бу жараёнда ташқи савдонинг аҳамияти беқиёс. Айниқса, мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш ҳукуматимизнинг доимий эътиборида.
Албатта, Жаҳон савдо ташкилотига кириш учун экспорт салоҳиятини ошириш муҳим омил ҳисобланади. Бинобарин, кейинги йилларда мазкур нуфузли тузилмага қўшилиш йўлидаги ишлар янада жадаллашди. Хусусан, ўтган йил аъзо давлатлар билан икки ва кўп томонлама музокарани якунлаш, миллий қонунчиликни ЖСТ ҳужжатларига уйғунлаштириш бўйича салмоқли ишлар қилинди.
Дарҳақиқат, ЖСТга аъзо бўлиш мураккаб ва узоқ давом этадиган жараён. ЎзА мухбири бу борада амалга оширилган ишлар хусусида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи Ўктам Исломовдан интервью олди.
– Бугунги кунда Ўзбекистон ўз тараққиётининг муҳим тарихий палласида турибди, – дейди Ўктам Исломов. – Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқимиз фаровонлигини юксалтиришга қаратилган. Шу билан бирга мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш назарда тутилган. Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо сифатида кириш эса иқтисодий стратегиямизнинг энг устувор йўналишларидан биридир.
Айни жараёнда Ўзбекистон 180 дан зиёд меъёрий ҳужжатни ўзгартириб, ЖСТ меъёри, қоидасига мослаштирди. Хусусан, экспорт-импорт, санитария, фитосанитария, техник регламент билан боғлиқ, шунингдек интеллектуал мулк йўналиши ва хизмат соҳасига алоқадор кўплаб ҳужжатлар мувофиқлаштирилди. Жорий йил ҳам 20 дан зиёд жараённи якунига етказиш назарда тутилган.
Кўп томонлама музокара доирасида ҳам иш тизимли йўлга қўйилган. Жумладан, 12 марта ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди. Икки томонлама музокара доирасида 166 аъзо давлатдан 35 таси республикамизга қизиқиш билдирган. Ушбу мамлакатлар билан хизмат ва товарлар соҳасида икки томонлама музокара якунига етказилди.
Эътиборлиси, мазкур рўйхатда иқтисодий жиҳатдан қудратли саналган АҚШ, Россия Федерацияси, Хитой каби давлатлар, шунингдек Европа Иттифоқи бор. Бу мамлакат ва тузилмалар билан икки томонлама баённомалар имзолаб бўлинди. Жорий йил якунига қадар яна икки давлат билан музокара ниҳоясига етказилиб, ЖСТга тўлақонли аъзо бўлиш назарда тутилган.
Бир сўз билан айтганда, ЖСТга қабул қилиниш миллий қонунчиликни халқаро савдо қоидаси, стандартига мослаштириш, савдодаги ортиқча тўсиқларни бартараф қилиш, Ташкилот асосий тамойили ҳисобланган тенглик, шаффофлик меъёрига риоя этишни назарда тутади. Шу тариқа иқтисодиётнинг барқарор ривожи учун замин яратилади, сармоявий муҳит яхшиланади.
Ушбу нуфузли тузилмага аъзо бўлиш орқали мамлакатимиз халқаро тизимга тўлақонли интеграциялашади, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораверади.
Гўзал Сатторова, ЎзА