Ўзбекистон ва Уммон экологик муаммоларга қарши бирга курашади
Иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва чўлланиш каби муаммолар географик чегара танламайди.
Қурғоқчил ҳудудларга эга Ўзбекистон ва Уммон ҳам бу борада ўхшаш чақириқларга дуч келмоқда. Энди икки давлат экологик муаммоларга қарши курашда бир-бирининг тажрибасидан фойдаланишни мақсад қилмоқда.
Уммонда ўтаётган “Oman Climate Week 2026” иқлим ҳафталиги доирасида Ўзбекистон делегацияси Уммон Атроф-муҳит бошқармаси раиси доктор Абдуллоҳ бин Али ал-Амри билан учрашди. Мулоқотда икки мамлакат ўртасида иқлим ва экология соҳасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Уммонни бир қатор умумий экологик муаммолар бирлаштириши қайд этилди. Жумладан, сув танқислиги, қурғоқчил ҳудудлар, юқори ҳарорат ва иқтисодиётни декарбонизация қилиш зарурати шулар жумласидандир.
Томонлар “Уммон-2040” концепцияси ва “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам табиий ресурсларни асраш билан бирга иқтисодий ўсишни таъминлаш масаласи муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Мулоқотда сув ресурсларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон томони Уммоннинг сувни тузсизлантириш, ер ости сувларини тўлдириш ҳамда сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш борасидаги тажрибасига қизиқиш билдирди. Хусусан, Дохилия вилоятида ер ости сувларидан суғориш мақсадида фойдаланиш амалиёти Ўзбекистон учун ҳам қизиқиш уйғотди.
Шу асосда тузсизлантириш, шўр сувлардан фойдаланиш, оқова сувларни тозалаш ва қайта ишлатиш бўйича Ўзбекистон–Уммон экспертлар мулоқотини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши — чўлланишга қарши курашдан иборат.
Ўзбекистонда эрта огоҳлантириш салоҳиятига эга махсус марказ ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу борада Уммон тажрибасидан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда ташкил этилиши режалаштирилаётган Марказий Осиё биошўр деҳқончилик ва иқлимга чидамлилик марказига Уммон томонини жалб этиш масаласи кўриб чиқилди.
Иқлим ўзгаришига қарши курашда ёшларнинг иштироки ҳам эътибордан четда қолмади.
Уммоннинг ёшлар иқлим платформалари билан “Green University” Иқлим резидентураси дастури ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш таклиф этилди. Бу ташаббуслар ёшларни нафақат экологик лойиҳаларга жалб қилиш, балки келажакда иқлим соҳасидаги мутахассислар ўртасида халқаро ҳамкорлик тармоғини шакллантиришга хизмат қилиши мумкин.
Учрашувда Ўзбекистонда сўнгги йилларда экологик бошқарув тизими кучайтирилгани, Париж битими доирасида учинчи миллий ҳисса — NDC тақдим этилгани ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, 2035 йилга қадар ялпи ички маҳсулотнинг углерод сиғимини 2010 йилга нисбатан 50 фоизга камайтириш ва 2055 йилга бориб углерод бетарафлигига эришиш мақсадлари қайд этилди.
Ўзбекистоннинг Глобал метан мажбуриятига қўшилгани, 2025 йилда углерод савдоси ҳамда Париж битимининг 6-моддаси механизмлари бўйича миллий тизим яратилгани ҳам таъкидланди. Бундан ташқари, 2026 йил июнь ойида Самарқандда Глобал экологик жамғарманинг VIII Ассамблеяси муваффақиятли ўтказилгани ва Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилгани маълум қилинди.
Учрашув якунида Уммон томони 2027 йил 15–17 июнь кунлари Тошкентда ўтказиладиган “Eco Expo Central Asia 2027” кўргазмасига таклиф қилинди. Кўргазмада яшил молия, экотуризм, тоза технологиялар, экологик таълим, ўрмонлаштириш, “яшил” транспорт ва қайта тикланувчи энергетика каби йўналишлар қамраб олинади.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Уммонга ташрифи икки мамлакат муносабатларида муҳим босқич бўлишини қайд этди. Экология соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланиши эса мавжуд мулоқотни аниқ амалий лойиҳалар билан бойитишга хизмат қилиши таъкидланди.
Ўзбекистон ва Уммон экологик муаммоларни бир-биридан алоҳида эмас, балки тажриба, технология ва билим алмашинуви орқали биргаликда ҳал этишга ҳаракат қилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА