Ўзбекистон ва Туркия: суд-ҳуқуқ соҳасида ўзаро манфаатларга асосланган ҳамкорлик кенгайтирилади
Олий суд раисининг ўринбосари Ш. Полвонов мамлакатимизга ташриф буюрган Туркия Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари Б. Жейҳан бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Унда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқалари тез суратларда кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланиб, мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ва туризм соҳаларида ҳамкорлик жадал ривожланаётгани эътироф этилди.
Мамлакатларимиз ўртасида кўп асрлик дўстлик ва стратегик шериклик ришталарини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш долзарб масала бўлиб, улар сирасида суд ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш алоҳида ўрин тутиши қайд этилди.

Меҳмонларга судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш ҳамда Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Учрашувда медиация ва арбитраж масалалари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар суд-ҳуқуқ соҳасида конструктив ва ўзаро манфаатларга асосланган ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори эканини билдирди.
Самимий руҳда бўлиб ўтган учрашув доирасида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА