Ўзбекистон ва Покистон ўртасида маҳкумларни топширишга оид ҳужжат ратификация қилинмоқда
Сенат ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги Битимни (Исломобод, 2026 йил 5 февраль) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур Битим қоидаларига мувофиқ, Ўзбекистон ва Покистон озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган маҳкумларни жазонинг қолган қисмини фуқароси бўлган давлатида ўташи учун топшириш масалаларида ўзаро ҳамкорликни амалга оширади.
– Ҳужжатда маҳкумни топшириш шартлари, рад этиш асослари, марказий органлар, сўровнинг шакли ва мазмуни, жазони ижро этиш жараёнлари, транзит олиб ўтиш ҳамда харажатларни қоплаш тартиби аниқ белгиланган, - деди Сенат аъзоси Жамила Бобоназарова. – Қонуннинг қабул қилиниши чет элда жазо ўтаётган фуқароларимизнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий реабилитация қилиш имкониятларини кенгайтиради ҳамда икки давлат ўртасидаги ҳуқуқий ҳамкорликни янада ривожлантириш, инсонпарварлик тамойилларини амалда таъминлаш ҳамда жазони ижро этиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Н.Абдураимова, ЎзА