Ўзбекистон ва Мўғулистон ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда
Жорий йил 30–31 март кунлари Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида мамлакатимиз ишбилармон доиралари иштирокида “Made in Uzbekistan” бизнес-миссияси бўлиб ўтди. Мазкур тадбир икки давлат савдо-иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилди.
Республикамиз Савдо-саноат палатаси ҳамда “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан ташкил этилган анжуман доирасида тадбиркорлар ўртасида B2B учрашувлар ўтказилди. Улан-Батордаги “Made in Uzbekistan” савдо уйида бўлиб ўтган тадбирда етакчи ишлаб чиқарувчиларимиз, экспортчиларимиз озиқ-овқат маҳсулотлари, фармацевтика воситалари, қурилиш материаллари, электротехника жиҳозлари, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар, шунингдек логистика ва туризм соҳаларидаги имкониятларини намойиш этдилар.
Бизнес-миссия давомида хорижий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилиб, маҳсулот экспорт қилиш ва қўшма лойиҳалар амалга ошириш бўйича музокара олиб борилди. Ушбу ташриф товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, Марказий Осиё ва Мўғулистон бозорлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши кутиляпти. Мўғулистон ОАВ тадбирни Ўзбекистон экспорт салоҳиятини намойиш этувчи муҳим ва самарали қадам сифатида баҳоламоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА