Ўзбекистон ва Корея Республикаси: коррупцияга қарши курашиш ва таълим соҳасида ҳамкорлик кенгаяди
Сеулга ташриф доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Норбоева Корея Республикаси Коррупцияга қарши курашиш ва фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш комиссияси раиси Чон Ил Ён билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида коррупцияга қарши курашиш, давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Чон Ил Ён Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш, қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бошқарувида очиқликни мустаҳкамлаш ва рақамлаштириш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Масъул муассасалар ўртасида имзоланган меморандум доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди. Хусусан, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, давлат хизматчиларини ўқитиш ҳамда коррупциянинг олдини олиш борасида тўпланган илғор тажрибани ўзаро алмашишга қаратилган алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
***
Ўзбекистон парламент делегацияси Корея Республикасидаги таълим соҳасида фаолият юритувчи қатор ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Жумладан, “EduLink” компанияси директори Хан Чон Рим билан ўтказилган учрашувда мактабгача таълим сифатини ошириш, хорижий тилларни ўқитишнинг инновацион методикаларини жорий этиш ҳамда педагоглар малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, компаниянинг инновацион дастурлари асосида Ўзбекистон боғчаларида 3,5 минг бола инглиз тилини ўрганмоқда, 3 мингга яқин педагогнинг малакаси оширилган. Учрашувда илғор методикаларни “Янги авлод” мактабгача таълим муассасаларида ҳам жорий этиш, педагогларни тайёрлаш ва улар учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Шинхан университети президенти Кан Сон Чжон билан бўлиб ўтган мулоқот давомида Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, олий таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, илм-фан ва инновациялар соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини фаоллаштириш, Ўзбекистон олий таълим муассасалари талабаларини университетнинг халқаро ҳамкорлик тармоғига жалб этиш, шунингдек, қўшма илмий-маърифий тадбирларни ташкил қилиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди. Тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш, хусусан, ҳамширалик иши йўналишидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА