Ўзбекистон ва Корея: ишонч, стратегик шериклик ва умумий тараққиёт сари
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлиб турибди. Мазкур ташриф доирасида бир қатор келишувларга эришилмоқда. Мазкур ташрифнинг аҳамияти, мазмун-моҳияти ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулчеҳра Тожибоева ўз муносабатини билдирди:

– Давлатимиз раҳбарининг Корея Республикасига ташрифи доирасидаги учрашув ва тадбирлар, илгари сурилаётган ташаббуслар Тошкент ва Сеул ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатлари бугун қандай юксак даражага кўтарилганини яна бир бор намоён этмоқда. Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги муносабатлар бугун нафақат икки мамлакат учун, балки Марказий Осиё ва Шарқий Осиёни ўзаро боғлаб турувчи муҳим ҳамкорлик йўналишларидан бирига айланиб бормоқда.
Корея Республикаси Ўзбекистон давлат мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардан бири ҳисобланади. 1992 йил 29 январда икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилиши эса ўзаро алоқаларнинг расмий ва барқарор пойдеворини яратди. Ўтган давр мобайнида сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвестициявий, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланди. 2019 йилда муносабатларнинг алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилиши эса бу жараённинг мантиқий давоми бўлди. Бугун мазкур стратегик шериклик аниқ амалий натижалар билан бойиб бормоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасининг етакчи нашрларидан бири — “The Chosun Daily”да эълон қилинган “Ўзбекистон ва Корея Республикаси: ўзгаришлар даврида келажак сари интилаётган ҳамкорлик” номли мақоласи ҳам икки давлат муносабатларининг бугунги мазмуни ва истиқболларини чуқур англашда муҳим аҳамиятга эга.
Мақолада таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажми 5 баробарга ошди. Кореянинг мамлакатимиз иқтисодиётига киритган инвестициялари 8 миллиард доллардан ошган. Айни пайтда юртимизда Корея капитали иштирокида 700 дан зиёд қўшма корхона ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. KOICA, Корея Эксимбанки ва EDCF билан ҳамкорликдаги лойиҳалар портфели эса 3,5 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда.
Бу рақамлар, аввало, ўзаро ишончнинг иқтисодий пойдевори тобора мустаҳкамланаётганини кўрсатади. Бироқ, бугунги ҳамкорликни фақат инвестициялар ва савдо кўрсаткичлари билан баҳолаш тўғри бўлмайди. Энг муҳим жиҳат — икки мамлакат муносабатлари янги технологик мазмун касб этмоқда.
Корея Республикасининг қисқа тарихий даврда инновация ва юқори технологияларга таянган илғор иқтисодиётга айлангани бутун дунёда эътироф этилган тараққиёт тажрибасидир. Мамлакатимизда эса Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида иқтисодиётни модернизация қилиш, рақамлаштириш, саноатни технологик янгилаш, илм-фан ва инновацияни ривожлантиришга устувор аҳамият берилмоқда.
Шу нуқтаи назардан Корея тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим амалий аҳамият касб этади. Айниқса, икки мамлакат иқтисодиётининг ўзаро тўлдирувчанлиги келгусида янги ўсиш драйверларини яратиш учун катта имкониятлар очмоқда. Ўзбекистоннинг табиий ресурслари, географик имкониятлари, катта бозори ва ёш меҳнат салоҳияти Кореянинг илғор технологиялари, инвестицияси ва инновацион тажрибаси билан уйғунлашиши натижасида янги қўшма ишлаб чиқариш занжирлари шаклланади.
Президентимиз таъкидлаганидек, энди алоҳида соҳалардаги муваффақиятли ҳамкорликдан умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорларни шакллантириш босқичига ўтиш вақти келди. Бу ёндашувнинг стратегик аҳамияти жуда катта. Чунки замонавий дунёда технологияга эга бўлишнинг ўзи эмас, уни яратиш, такомиллаштириш ва экспорт қила олиш мамлакат иқтисодий рақобатбардошлигининг муҳим омилига айланмоқда.
Шу боис, сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар, робототехника, электр транспорт воситалари, биофармацевтика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва “ақлли шаҳарлар” каби йўналишларнинг Ўзбекистон – Корея ҳамкорлигининг янги устувор соҳалари сифатида белгиланаётгани айни муддаодир.
Бу лойиҳаларнинг яна бир муҳим самараси — янги авлод кадрларини тайёрлаш, ёшларни замонавий касбларга йўналтириш ва инсон капиталини ривожлантириш. Зеро, технология ва инновацияларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи — билимли ва малакали инсон. Шу сабабли таълим, академик алмашинув, қўшма илмий тадқиқотлар, мутахассислар тайёрлаш ва касбий таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш стратегик шерикликнинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Ўзбекистон – Корея муносабатларининг ўзига хос жиҳатларидан яна бири халқларимиз ўртасидаги инсонпарварлик ришталаридир. Юртимизда истиқомат қилаётган корейс миллати вакиллари Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бўлса, Кореяда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган юртдошларимиз икки мамлакат ўртасидаги ўзига хос “инсонлар кўприги” вазифасини бажармоқда. Демак, стратегик шерикликнинг пойдевори нафақат давлатлар ўртасидаги ҳужжатлар ва келишувлар, балки халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончга ҳам таянади.
Сеулда илк бор ўтказилаётган “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммити минтақавий ҳамкорлик нуқтаи назаридан муҳим тарихий воқеадир. Бугун Марказий Осиё давлатларининг умумий иқтисодий салоҳияти ошиб, минтақа халқаро иқтисодий муносабатларда тобора муҳим ўрин эгалламоқда. Шундай шароитда Кореянинг технологик, инвестициявий ва инновацион салоҳиятини Марказий Осиёнинг имкониятлари билан уйғунлаштириш янги иқтисодий лойиҳалар, транспорт йўлаклари, рақамли ечимлар, “яшил” технологиялар ва юқори қўшилган қийматга эга ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантириш учун кенг имконият яратади.
Ўзбекистоннинг ушбу форматда сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва янги самарали механизмларни шакллантиришга қаратилган ташаббуслари мамлакатимизнинг минтақавий жараёнлардаги фаол ва конструктив позициясини кўрсатади.
Бугун Ўзбекистон – Корея муносабатлари бир муҳим босқичдан бошқасига ўтмоқда. Дастлаб дипломатик алоқаларга асос солинган бўлса, кейинчалик сиёсий ишонч ва иқтисодий шериклик мустаҳкамланди. Энди эса ҳамкорликнинг марказига инновация, юқори технология, инсон капитали ва минтақавий тараққиёт масалалари чиқмоқда. Бу жараённи “дўстликдан — ишончга, ишончдан — стратегик шерикликка, стратегик шерикликдан — умумий тараққиёт ва технологик ҳамкорликка” олиб бораётган изчил йўл сифатида баҳолаш мумкин.
Президентимизнинг давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада юқори босқичга кўтариш, янги келишув ва лойиҳаларга йўл очиш билан бирга, Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёт стратегиясида Корея билан шериклик қандай муҳим ўрин тутишини ҳам намоён этмоқда. Ишончимиз комилки, бугун шаклланаётган янги ҳамкорлик модели нафақат Ўзбекистон ва Корея халқлари фаровонлигига, балки Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик, инновациялар ва умумий тараққиёт учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА