Ўзбекистон ва Хитой уруғчилик кластерлари ўзаро тажриба ҳамда технология алмашади
Уруғчиликни ривожлантириш маркази директори Шуҳрат Отажонов Хитой Халқ Республикасининг илмий ва ишлаб чиқариш тузилмалари — Шинжон қишлоқ хўжалиги академияси ҳамда “Ёу Жи” ва “Жин Ли” уруғчилик кластерлари вакиллари билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда юқори сифатли ва серҳосил навларни яратиш, уруғчилик тизимини модернизация қилиш, селекция жараёнларига замонавий агротехнологияларни татбиқ этиш ҳамда илғор тажриба алмашиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, соҳа салоҳиятини янада оширишга қаратилган янги қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди.
Хусусан, “Ёу Жи” кластери вакиллари зира ва ғўзанинг Хитой селекциясига мансуб уруғликларини Ўзбекистонда кўпайтириш бўйича таклифларини илгари сурди. “Жин Ли” кластери мутасаддилари эса дон ва яшил масса ҳосилдорлиги юқори бўлган маккажўхори дурагайларини мамлакатимиз шароитида етиштириш, уруғликларини кўпайтириш ва сотиш йўналишида ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.
Томонлар янги нав ва дурагайларни маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мослаштириш ҳамда уларнинг самарадорлигини баҳолаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини қайд этди.
Марказ директори Ўзбекистон уруғчилик соҳасида бой тажриба, мустаҳкам илмий салоҳият ва кенг ишлаб чиқариш имкониятларига эга эканини таъкидлаб, ҳамкорлик бир томонлама тажриба ўзлаштириш билан чекланиб қолмасдан, ўзаро билим, технология ва амалий ишланмалар алмашинувига асосланиши лозимлигига алоҳида урғу берди.
Учрашув якунида ўзаро манфаатли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, уруғчилик йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш ва мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш юзасидан келишувларга эришилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА