Ўзбекистон ва Хитой компанияси қаровсиз ерларни қайта ўзлаштириш бўйича музокара ўтказди
Мамлакатимизда фойдаланишдан чиққан ерларни қайта ўзлаштириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва аграр салоҳиятни кенгайтириш устувор вазифага айланмоқда. Бу борада халқаро компаниялар билан амалий ҳамкорлик ҳам фаол ривожлантирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг Хитойнинг “Xinjiang Lihua Group” Co., Ltd. компанияси вакиллари билан ўтказган учрашувида ҳам айни йўналишдаги масалалар муҳокама қилинди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, мулоқотда Сирдарё, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида фойдаланишдан чиққан ер майдонларини қайта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, бу борада юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни қишлоқ хўжалиги айланмасига қайтариш бўйича амалий ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Маълумот учун, “Xinjiang Lihua Group” Co., Ltd. Хитойнинг пахтачилик ва тўқимачилик саноатида фаолият юритувчи йирик агросаноат корпорацияларидан бири ҳисобланади. Компания пахта уруғчилиги, етиштириш, харид қилиш ва қайта ишлашдан тортиб, ип-калава ҳамда тайёр тўқимачилик маҳсулотларини тайёрлашгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжирига эга.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА