Ўзбекистон туризми: рекорд кўрсаткичлар, инфратузилма ривожи ва янги йўналишлар(+видео)
Жорий йилнинг январ–август ойларида Ўзбекистонга 9,1 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,1 фоизга кўп. Статистикага кўра, энг юқори ўсиш суръати Хитой (2,3 баробар), Малайзия (2 баробар), Япония (1,5 баробар), АҚШ (1,4 баробар) ва Россия (1,3 баробар) давлатларидан қайд этилган.
Мазкур даврда туристик хизматлар экспорти 4,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, 53,5 фоизга ошди. Шунингдек, "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил" дастури доирасида ички туризм ҳам фаол кечиб, ҳудудларга 13,4 миллиондан ортиқ ташриф уюштирилди.
Туризм инфратузилмасини яхшилаш борасида республика бўйлаб 595 та янги жойлаштириш воситаси (меҳмонхоналар, ҳостеллар, оилавий меҳмон уйлари) ишга туширилди. Натижада умумий жойлаштириш объектлари сони 7 364 тага, улардаги ўринлар сони эса 202,3 минг тага етди. Бугунги кунда соҳада 3 977 нафар профессионал гид-экскурсовод фаолият юритмоқда.
Шу фонда, 21-сентябрь куни Туризм қўмитасида янги туристик объектлар ва йўналишларни тарғиб қилишга бағишланган муҳим тақдимот бўлиб ўтди. Унда анъанавий марказларни (Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива) ҳудудлардаги янги дам олиш, экотуризм ва агротуризм масканлари билан боғловчи ягона туристик маршрутлар туроператорларга таништирилди.
Зиёвуддин Нуриддинов, Нишонбой Абдувоитов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА