Ўзбекистон – Тожикистон: кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат ришталарини мустаҳкамлашда яна бир муҳим қадам
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 26 март куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.
Тожикистон етакчисини “Тошкент-Ҳумо” халқаро аэропортида давлатимиз раҳбари кутиб олди. Олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакатнинг давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.

Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари нафақат қўшни, балки асрлар давомида қондошу қардош бўлиб, бир булоқдан сув ичиб, бир ҳаводан нафас олиб, ягона осмон остида бунёдкорлик ишлари билан шуғулланиб келган, биргаликда елкама-елка туриб, қийинчиликларни енгиб ўтган. Ягона дин, ўхшаш маданият, урф-одат ва анъаналар бир-бирига мустаҳкам боғлаб туради.
Президентларнинг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати туфайли сўнгги йилларда мамлакатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди, халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланди.
Олий мартабали меҳмон “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.
Илм-маърифати, муносиб амаллари билан миллатлараро муносабатларни юксак даражада қадрлаган аждодларимиз мероси ҳамиша дунё ҳамжамияти эътиборида.
“Янги Ўзбекистон” боғининг Мустақиллик монументида акс этган улуғлар тимсоли бугун барчамизга ифтихор бағишлайди. Мамлакатимиз ўтмиши ва келажагини акс эттиради.
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўяр экан, Ватан озодлиги, эл фаровонлигининг ёрқин ифодаси сифатида мағрур қад ростлаган мажмуа қошида рамзий бош эгди.
Дунё тамаддунига ҳамжиҳатлик билан ҳисса қўшишни тараннум этган боболаримиз маърифатини эътироф этиб, эҳтиром кўрсатди.
Кўксарой қароргоҳида мамлакатимизга давлат ташрифи билан келган Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, шоҳсупага таклиф этди.
Икки мамлакатнинг давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр ижросида Ўзбекистон ва Тожикистон мадҳиялари янгради.
Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон тор доирада музокара ва Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини ўтказдилар.
Давлатимиз раҳбари Тожикистон Президентининг ушбу давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат ришталарини мустаҳкамлашда яна бир муҳим қадам эканини алоҳида таъкидлади.
– Биз Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини бошлаб бермоқдамиз. Ушбу формат, шубҳасиз, икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради, Ўзбекистон – Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини амалий мазмун ва илғор ташаббуслар билан бойитишга хизмат қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳукуматлар, парламентлар ва идоралар даражасидаги фаол ва яқин алоқалар мамнуният билан қайд этилди.
Ташрифга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, саноат кўргазмаси ва ҳудудлар, ректорлар, олимлар, ёшлар ва таҳлил марказларининг форумлари муваффақиятли ташкил қилинди. Айни пайтда мамлакатимизда Тожикистон маданияти ва киноси кунлари ўтказилмоқда.
Йиғилишда томонлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини батафсил муҳокама қилиб, ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш йўлларини таҳлил қилдилар ҳамда ўзаро манфаатли Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигини мустаҳкамлашга катта суръат бағишлайдиган бир қатор муҳим қарорларни қабул қилдилар.
Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини рағбатлантириш, транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, сув ва энергетика хавфсизлигини кучайтириш чораларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми, энг аввало, тайёр маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш ҳисобига қарийб 1 миллиард долларга етди.
Саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электротехника, фармацевтика ва бошқа кўплаб соҳаларда қатор кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда икки мамлакат пойтахтлари ўртасида авиарейслар, автобус ва поезд қатновлари йўлга қўйилган. Юк ташиш ҳажми жадал ўсиб бормоқда.
2028 йилга келиб, ўзаро савдони 2 миллиард долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди.
“Ойбек – Фотиҳобод” чегараолди савдо зонасини барпо этишни тезлаштириш, маҳсулотларни сертификатлаш ва “E-Permit” рухсатномаларни алмашиш рақамли тизимларини йўлга қўйиш, чегара назорат пунктларини модернизация қилиш бўйича эришилган келишувлар бу маррага етишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, тоғ-кон, энергетика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, енгил саноат, қурилиш ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ўз ичига олган алоҳида Саноат кооперацияси дастури қабул қилинмоқда.
Истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма Инвестиция компаниясининг капиталини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Энергетика, сув ресурсларини бошқариш, транспорт ва бошқа кўплаб соҳалардаги шериклик атрофлича кўриб чиқилиб, ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.
Етакчилар ҳудудлараро алоқаларни янада ривожлантириш, гуманитар, таълим ва илмий алмашинувларни рағбатлантиришга келишиб олдилар.
Йирик диаспоралар мавжудлигини ҳисобга олиб, маданий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича беш йиллик чора-тадбирлар режасини қабул қилиш таклиф қилинди.
Давлат раҳбарлари минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Марказий Осиёда кўп томонлама тузилмалар ва минтақавий форматлар доирасида яқин мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди. Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Йиғилишда Ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари – икки мамлакат Бош вазирларининг ҳамкорликнинг асосий йўналишлари юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Якунда эришилган келишувларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш учун кенг қамровли “йўл харитаси” қабул қилиниши белгиланди.
Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон йирик кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида иштирок этдилар.

Давлат раҳбарлари 10 та қўшма лойиҳани бошлаб бердилар.
Улар доирасида Тожикистонда мебель ва чарм маҳсулотлари корхоналарини ташкил этиш, маиший техника ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тўқимачилик қувватларини барпо қилиш, Тошкентда турар жой мажмуаси ва савдо объектларини қуриш ҳамда Фарғона вилоятида консерва маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Андижон вилоятида сут маҳсулотлари, Сурхондарё вилоятида эса мева шарбатлари ва металл брикетлар ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди.
Шунингдек, Янги Тошкентдаги кўчалардан бирига Душанбе шаҳри номини беришга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари тақдимот қилинган лойиҳаларнинг амалга оширилиши икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга кучли суръат бағишлашига ишонч билдирдилар.
Ўзбекистон – Тожикистон Олий давлатлараро кенгашининг биринчи йиғилишидан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросими бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини кенгайтириш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.

Бундан ташқари, ҳукуматлар, вазирликлар ва идоралар даражасида кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлар тўплами, жумладан:
– Товар айирбошлашни ошириш дастури;
– Саноат кооперацияси дастури;
– Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаштириш электрон тизимларини ўзаро қўллаш тўғрисида битим;
– Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Чегараолди ҳудудларда радиочастоталарни ўзлаштиришни мувофиқлаштириш тўғрисида битим;
– “Ўзбекистон – Тожикистон инвестиция компанияси”ни ташкил этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома;
– “Е-Permit” ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Фанлар академиялари ўртасидаги илмий ҳамкорлик тўғрисида битим;
– 2026-2028 йилларда саноат ва инновациялар соҳасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш режаси;
– 2026-2028 йилларда тоғ-кон саноати ва янги технологиялар соҳасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш режаси;
– 2026-2027 йилларда маданият соҳасида ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси;
– 2026-2028 йилларда туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”;
– 2026-2028 йилларда агросаноат мажмуида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”;
– инновация, давлат хизмати, молия, таълим ва суд қарорларини мажбурий ижро этиш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Кўксарой қароргоҳида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши якунлари юзасидан фикрлари билан бўлишдилар.

Мамлакатимиз етакчиси Ўзбекистон биродар Тожикистоннинг барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, инвестицияларни жалб қилиш, инфляцияни жиловлаш ва аҳолининг реал даромадларини ошириш борасида эришаётган юксак натижаларидан чин дилдан мамнун эканини таъкидлади.
Тожикистон Ўзбекистон учун ишончли стратегик шерик ва иттифоқчидир. Мамлакатларимиз мақсадлари, қараш ва интилишлари муштарак экани, икки томонлама муносабатлар сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда жадал ривожланаётгани таъкидланди.
Парламентлар ва ҳукуматлар, ҳудудлар раҳбарлари ва зиёлилар даражасида мунтазам учрашувлар ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб бир миллиард долларга етди. Саноат кооперацияси жадал ривожланмоқда. Ҳозирда мамлакатимизда 500 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Пойтахтлар ўртасида ҳафтасига ўнта авиарейс амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Президенти бугунги саммитга жиддий тайёргарлик кўрилганини маълум қилди.
Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари, ҳудудлар, ректорлар, олимлар, ёшлар, таҳлил марказларининг форумлари, Тожикистон маданияти ва киноси кунлари, бошқа бир қатор муҳим тадбирлар муваффақиятли ўтказилди.
Бўлиб ўтган самарали музокаралар ҳамда Давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши давомида масалаларнинг кенг доираси муҳокама қилинди, кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва мақсадлари белгилаб олинди.
Барча даражаларда фаол алоқаларни давом эттириш, халқаро ва минтақавий тузилмалар, жумладан, Маслаҳат учрашувлари ва “Марказий Осиё плюс” форматлари доирасида мулоқотни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.
Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Икки мамлакат ҳукуматларига алоҳида дастур асосида товар айирбошлашни икки миллиард долларга етказиш бўйича амалий чоралар кўриш топширилди.
Шу мақсадда “Ойбек – Фотиҳобод” савдо зонасини ташкил этиш тезлаштирилади, энергетика, геология, металлургия, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва бошқа соҳаларда икки миллиард долларлик ташаббусларни ўз ичига олган Кооперация дастури амалга оширилади.
Томонлар ушбу лойиҳаларни илгари суриш учун Қўшма инвестиция компаниясининг салоҳиятидан фаол фойдаланишга келишиб олдилар.
Транспорт ва транзит соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Юк ташишда электрон рухсатнома бериш тизимини жорий этиш тўғрисида битим имзоланди, шунингдек, ҳаво ва темир йўл транспорти қатновларини кенгайтириш ҳамда чегара ўтказиш пунктларининг қувватини ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Ушбу ўзаро мувофиқлаштирилган чора-тадбирларнинг асосий мақсади – бизнес ва фуқаролар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш драйвери сифатида ҳудудлар салоҳиятини ишга солиш.
Сув ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик икки мамлакат алоқаларининг муҳим йўналиши ҳисобланади.
“Яшил” энергетика соҳасида йирик лойиҳаларни биргаликда илгари суриш ҳамда сув тақсимоти, сув иншоотларини автоматлаштириш ва рақамлаштириш масалаларини мувофиқлаштиришга тайёрлик тасдиқланди.
Маданий-гуманитар алоқалар халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстлик кўприги бўлиб қолмоқда. Ҳамкорлик доирасида Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий дўстлиги ҳақида фильм тайёрланди, Янги Тошкентдаги кўчалардан бирига эса Душанбе шаҳри номи берилди.
Йиллик тақвим асосида таълим, туризм ва ёшлар йўналишларида фаол алмашинувларни давом эттириш нияти билдирилди.
Икки мамлакатдаги йирик ўзбек ва тожик диаспораларини қўллаб-қувватлаш, маданий марказларни кенг ривожлантириш, она тили, анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш мақсадида Маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик бўйича комплекс дастур тайёрланади.
Якунда ушбу тарихий ташриф натижалари иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаб, биродар мамлакатларимиз барқарор ривожланиши ва равнақига ҳар томонлама хизмат қилиши қайд этилди.
Тожикистон Республикаси Президентининг давлат ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг Тошкент шаҳридаги элчихонасининг янги биноси очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон рамзий тасмани кесиб, дипломатик ваколатхонанинг янги биносини тантанали равишда очдилар.


Етакчилар элчихона ва консуллик бўлимининг маъмурий бинолари, элчи қароргоҳи, дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари учун турар жойларни ўз ичига олган мажмуани кўздан кечирдилар.
Маросим якунида Президентлар Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб, дипломатик ваколатхона ҳудудига дарахт экдилар.
Ушбу тадбир Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга бўлган ўзаро интилиш қатъий эканини яна бир бор тасдиқлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон “Ўзбекистон” халқаро форумлар саройида икки мамлакат санъаткорлари иштирокидаги анъанавий концертни биргаликда томоша қилдилар.

Ўзбекистон ва Тожикистон халқларини узоқ ўтмишга бориб тақаладиган муносабатлар, муштарак маънавий ва диний қадриятлар, анъаналар ҳамда бой маданий мерос боғлаб туради.
Ҳар икки мамлакатда ҳам асрлар давомида шаклланиб келган дўстлик, ўзаро ҳурмат ва яхши қўшничилик анъаналари асраб-авайланиб, бойиб бормоқда.
Ушбу маданий тадбир бунинг яққол тасдиғи бўлди. Концерт дастурида биродар халқларимизнинг бетакрор ва бой маданиятини акс эттирувчи миллий мусиқа ва саҳна санъатининг энг сара асарлари ижро этилди.
Ўзбекистон ва Тожикистон санъаткорлари ҳамда ансамблларининг биргаликдаги чиқишлари ўзаро англашув, маънавий яқинлик ва фаол маданий мулоқот рамзи бўлди.
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА мухбири