Ўзбекистон тиббиётида мактаб яратган буюк устозлар ва уларнинг илмий мероси
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимининг бугунги юксак тараққиёти, илғор амалиётларнинг жорий этилиши ва халқаро майдонда эришилаётган ютуқлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бунинг ортида ўз умрини илм-фанга, инсонлар саломатлигини асрашга бахшида этган фидойи шифокорлар, олимларимизнинг машаққатли меҳнати ётибди. Ўзбекистон тиббиётида ўзига хос мактаб яратган буюк шахсларнинг ҳаёт йўли ва илмий мероси барчамизга ибратдир.
Жарроҳлик илмининг ривожланиши бевосита академик Восит Воҳидов (1917–1994) номи билан боғлиқ. У Ўзбекистонда ихтисослаштирилган жарроҳлик мактабига асос солиб, кўкрак қафаси ва юрак жарроҳлигининг энг мураккаб операцияларини амалиётга муваффақиятли жорий этди. Унинг бой тажрибаси кўплаб ёш мутахассисларнинг етишиб чиқишига замин яратди.
Бу анъанани муносиб давом эттирган академик Ўктам Орипов (1927–2001) эса республикамизда трансплантология асосларини яратди. 1972 йилда унинг бевосита раҳбарлиги ва иштирокида Ўзбекистонда илк бор буйрак кўчириб ўтказиш операцияси амалга оширилди. Бу тарихий воқеа нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиё тиббиёти тараққиётида улкан бурилиш ясади.
Тиббиёт фанининг негизи ҳисобланган фундаментал йўналишларда ҳам буюк назариётчилар етишиб чиқди. Академик Комилжон Зуфаров (1925–2002) Ўзбекистонда гистология илмий мактабини шакллантириб, электрон микроскопик тадқиқотларни юқори босқичга кўтарди. Унинг қаламига мансуб ўзбек тилидаги “Гистология” дарслиги тиббиёт таълимининг олтин фондига кирди.
Шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамони, академик Малика Абдуллахўжаева (1932–2018) касалликларнинг ҳужайра ва тўқималардаги ўзгаришларини чуқур ўрганиб, патологик анатомия марказини ташкил этди ва миллий кадрлар тайёрлашга улкан ҳисса қўшди.
Академик Ёлқин Тўрақулов (1916–2005) эса қалқонсимон без гормонлари ва йод алмашинувини илмий жиҳатдан тадқиқ этиб, эндокринология ҳамда биокимё соҳасида халқаро миқёсда эътироф этилган мактаб яратди.
Тиббиётнинг клиник ва назарий соҳаларини уйғунлаштирган намояндалардан бири академик Наби Мажидов (1928–2010) неврология мактабини ривожлантириб, асаб тизими касалликларини даволаш бўйича қиймати баланд монография ва дарсликлар муаллифи бўлди.
Анатомия фани ривожига муносиб ҳисса қўшган профессорлар Ҳаким Зоҳидов (1912–1978) ҳамда Носир Аҳмедов (1922–2004)ларнинг илмий мероси беқиёсдир.
Хусусан, Носир Аҳмедов томонидан яратилган икки жилдли “Одам анатомияси” атласи ва дарсликлар неча-неча авлод шифокорлари учун асосий билим манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, профессор Наима Маҳмудова (1928–2017) ижтимоий гигиена вa соғлиқни сақлашни ташкил этиш, болалардаги тиббий-ижтимоий реабилитация масалаларида ўзига хос мактаб яратди. Бугунги кунда ҳам ўз илмий фаолиятини муваффақиятли давом эттириб келаётган академик Шавкат Каримов қон томир ва юрак жарроҳлигини янги босқичга кўтариш, аорта ва йирик артерияларда замонавий реконструктив операцияларни кенг жорий этиш борасида улкан мактаб яратди.
Дарҳақиқат, ҳақиқий устоз ўз ортидан яхши ном, илмий мерос ва шогирдлар қолдиради. Бу буюк устоз-шифокорларнинг ҳаёт йўллари ана шундай эзгуликка йўғрилган, илмга бағишланган эдики, улар ҳамон илмий изланишлари ва яратган мактаблари билан инсониятга хизмат қилаётир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА