Ўзбекистон сунъий интеллектни қандай жорий қилмоқда?
Атиги бир неча йил олдин Ўзбекистон рақамлаштириш масаласинини давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига киритди. Бугун сунъий интеллект расмий стратегиялар, давлат дастурлари ва кундалик хизматларнинг бир қисмига айланди. Университет, мактабларда ушбу йўналишда алоҳида фанлар жориё этилмоқда.
2020 йилда қабул қилинган “Рақамли Ўзбекистон - 2030” дастури, резидентлар учун солиқ имтиёзларига эга “IT Park”нинг қурилиши ва вилоятларда филиаллари очилиши, оммавий дастурлаш бўйича дастурлар яратилиши бу борадаги муҳим босқичлардан бўлди. Давлат хизматлари ягона портали онлайн форматга ўтказилди, электрон тўлов тизимлари ва банк иловалари ривожланди. Буларнинг барчаси рақамли маълумотлар тўпламини ва онлайн хизматлардан фойдаланиш одатини шакллантирди.
2020-йилларнинг ўрталарида барча вилоятларда IT-парклар пайди бўлди ва ушбу тармоқда 190 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланди. Бир вақтнинг ўзида, Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро рейтингларда сезиларли даражада юқорилади: расмий маълумотларга кўра, мамлакатимиз бу кўрсатгич бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллайди.
Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси
Президентимизнинг қарори билан Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Мақсад – ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизнинг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланувчи дунёнинг етакчи давлатлар қаторига киришига эришишдан иборат.

Сунъий интеллект асосида яратилган дастурий маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини 1,5 млрд долларга етказиш, ягона давлат хизматлари порталида сунъий интеллект асосида кўрсатиладётган хизматлар улушини ошириш ҳамда ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индекси – “Government AI Readiness Index”да дунёнинг энг яхши 50 та етакчи давлатлар қаторига киришига эришиш – мақсадли кўрсатгичлар қаторига киради.
Стратегия билан бирга, 2024-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ҳамда ижтимоий ва иқтисодиёт тармоқларида шакллантириладиган “катта маълумотлар” рўйхати ҳам тасдиқланди. 2026 йил 1 майга қадар сунъий интеллект технологияларини жорий этиш лойиҳалари доирасида маълумотларни қайта ишлаш учун мўлжалланган ҳисоблаш қувватларини ишга тушириш кўзда тутилган.
2025 йилда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2025-2026 йилларда вазирлик ва идоралар томонидан амалга ошириладиган сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича устувор лойиҳалар рўйхати тасди. Ҳукумат порталидаги маълумотларга кўра, у Рақамли технологиялар вазирлиги тасарруфидаги ташкилотларнинг 64 та лойиҳаси ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар амалга оширадиган 22 та лойиҳани ўз ичига олади. Алоҳида бандда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети учун график ишлов бериш блокларини (GPU) ўз ичига олган юқори самарали ҳисоблаш кластерини харид қилиш кўзда тутилган.

Соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий кўрик жараёнини автоматик равишда баёнлаштириш учун тиббий муассасаларда нутқни синтез қиладиган овозли ёрдамчи дастурлар, маммография тадқиқотлари асосида кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш бўйича сунъий интеллект - эълон қилинган лойиҳалар қаторидадир.
Транспорт ва инфратузилма. Темир йўл ва йўллар ҳолатини мониторинг қилиш тизими, вокзалларда фуқароларни идентификация қилиш учун “UzFace” тизими, шунингдек, ҳайдовчиларни йўлда мудраш ва ухлаб қолиш каби хавфли вазиятлардан огоҳлантириш каби тизимларни яратиш ва ишга тушириш режалаштирилган. Электр узатиш тармоқларининг ҳолатини назорат қилиш ва ўзбошимчалик билан амалга оширилган қурилишларни аниқлаш – компьютер технологияси ҳаражатларни тежашга имкон берадиган йўналишлардан ҳисобланади.
Таълим. Университетларда сунъий интеллект лабораторияларини ташкил қилиш режалаштирилмоқда, сунъий интеллект асослари бўйича мактаб дастурлари ишлаб чиқилмоқда. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз бўйича 19 мингдан ортиқ информатика ўқитувчиларини бу борада муҳим ресурслардан бири сифатида қайд этди.
Президентимизнинг расмий сайтида 2026 йил май ойида тақдим этилган маълумотларга кўра, мамлакатимизда сунъий интеллект йўналишида 100 га яқин амалий лойиҳа ва 200 дан ортиқ тажриба-синов ташаббуслари бошланган. Бундай лойиҳалар самарадорлигини таъминлаш учун 24 миллион долларлик GPU-кластерга эга инфратузилма ишга туширилган. Шунингдек, кейинги босқич – 2027-2031 йилларда тармоқларда сунъий интеллектни жорий қилиш бўйича умумий қиймати 200 миллион долларлик лойиҳани ҳамда мактабларда стартап зоналарини ташкил қилиш ишлари муҳокама қилинмоқда.
Рақамли иқтисодиёт учун мутахассислар
2030 йилга қадар IT-хизматлар экспортини 5 млрд долларга етказиш ҳамда соҳада 300 минг нафар ёшларни банд қилиш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Бироқ “дастурлашни билади” билан “сунъий интеллект моделларини ишлаб чиқиб, жорий этишни уддалай олади” дегани эмас.
Машинали ўқитиш, маълумотлар муҳандислиги ва “MLOps” бўйича мутахассислар ҳамда жаҳон дастурлари даражасида ўқита оладиган ўқитувчилар етишмайди. Тошкентда ҳорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари, корпоратив академиялар, онлайн-таълим ва стажировкалар бўйича халқаро ҳамкорлик самарали чора-тадбирлардан саналади. Истеъдодларни сақлаб қолиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Оммавий рақамли саводхонлик масаласи ҳам эътиборимиз марказида. Аксарият ходимлар учун сунъий интеллект алоҳида касб сифатида эмас, бухгалтерия, ўқитувчилик, тиббиёт, юриспруденция ва савдо каби соҳаларда қўлланиладиган восита сифатида кириб келади. Ёрдамчилардан самарали фойдаланиш, уларнинг жавобларини текшириш ва маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш кўникмаси худди электрон жадваллар билан ишлаш каби асосий малакага айланади.
Мамлакатимиз сунъий интеллектни ривожлантириш йўлида изчил ишларни амалга оширмоқда. Сунъий интеллектни 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси қабул қилинган, аниқ мақсадли кўрсатгичлар белгиланган, соҳа давлат даражасида қўллаб-қувватланмоқда, биринчи давлат GPU-кластери яратилди. Ёшларнинг билимлари ортиши, сиёсий иродаси мустаҳкамланиши, давлат хизматларининг жадал рақамлаштирилиши, сармоядорлар, технологик ҳамкорларнинг мамлакатимизга бўлган қизиқишининг ортиши - Ўзбекистоннинг улкан ютуқларидандир. Аллақачон юзлаб тажриба-синов лойиҳалари сунъий интеллектнинг амалий фойдасини кўрсатиб берди, танланган йўл эса, Марказий Осиёда рақамли ривожланиш бўйича етакчилардан бирига айланиш имкониятини беради.
Ораш Акабоев, ЎзА