Ўзбекистон судьялари SIFoCC глобал форумига қўшилади
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Робахон Маҳмудова Сеул шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё – Тинч океани мамлакатлари Олий судлари раисларининг ХХ конференцияси доирасида Тижорат судларининг доимий халқаро форуми (SIFoCC) вакиллари билан учрашди.
Мулоқот давомида SIFoCC фаолиятига масъул судья Робин Ноулз ва ташкилот котибияти раҳбари Аденике Адевале мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, Ўзбекистон Президентининг фармони билан тасдиқланган «Одил судлов - 2030» стратегиясида белгиланган стратегик мақсадлар билан таништирилди.
Стратегияда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор халқаро стандартларни миллий суд амалиётига имплементация қилиш ва Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга қаратилган муҳим масалалар ўз аксини топган.
Шу ўринда суд ва судьялар ҳамжамияти органларининг хорижий давлатларнинг тегишли органлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда одил судлов ва судьялар ҳамжамиятининг етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлигини фаоллаштириш, ушбу ташкилотларга, шу жумладан, уларнинг бошқарув органларига Ўзбекистон вакилларини аъзо қилиш муҳим ўрин тутади.

Учрашувда Р. Маҳмудова мамлакатимизда ушбу нуфузли форумга аъзо сифатида қўшилиш учун зарур ҳуқуқий ва институционал асослар мавжудлигини билдириб, бу борадаги мулоқотни олиб бориш ҳамда ташкилотнинг тадбирларида ўзбекистонлик судьяларнинг иштирокини таъминлашга қаратилган ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини илгари сурди.
Ўз навбатида, SIFoCC масъуллари мазкур ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда Ўзбекистон билан ушбу масалалар бўйича изчил ва мазмунли ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Маълумот учун: SIFoCC (“Standing International Forum of Commercial Courts” – Тижорат судларининг доимий халқаро форуми) бутун дунё бўйлаб тижорат судлари ва ихтисослашган суд органларини бирлаштирувчи глобал тармоқ. Форум 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, унга дунёнинг кўплаб мамлакатлари судьялари аъзо бўлган.
Н.Абдураимова, ЎзА