Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
2 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Йигирманчи ялпи мажлиснинг биринчи иш кунини сенаторлар “Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилишдан бошлади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликда тадбиркорлик субъектларининг озиқ-овқат маҳсулотларини доимий равишда хавфсиз ҳолда ишлаб чиқариш, сақлаш ва муомалага киритиш борасидаги мажбуриятлари ҳамда масъулиятини аниқ белгиловчи нормаларни янада такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда.
Қонун билан аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, соҳада давлат назорати самарадорлигини ошириш ва маҳсулот хавфсизлигининг ягона тамойиллари халқаро талаблар асосида белгиланмоқда.
Шунингдек, соҳада ваколатли давлат органининг ваколатлари, вазифа ва мажбуриятлари аниқлаштирилиб, зарур гигиена, ишлаб чиқариш, чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги амалиёти каби ҳуқуқий тушунчалар қўшимча қилинмоқда.
Шу билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини амалга оширишнинг асослари, тартиби ва шакллари халқаро битим талаблари билан уйғунлаштирилмоқда.
Қонунда Ўзбекистон Республикасининг келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб бўлган ва хавф даражаси юқори маҳсулотларга нисбатан қўйиладиган талаблари ваколатли органнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши назарда тутилмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, қонуннинг қабул қилиниши аҳолининг хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ҳуқуқини ишончли таъминлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини кучайтириш, озиқ-овқат саноатининг инвестициявий жозибадорлигини юксалтириш ҳамда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Сенатнинг 20-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, янгиланган Конституция нормаларини амалиётга татбиқ этиш ва фуқароларнинг конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш зарурияти ушбу қонунни қабул қилишни тақозо этмоқда.
Амалдаги қонунчиликда рақамли технологиялардан фойдаланиш ва мурожаатларни дастлабки кўриб чиқиш борасида муайян ҳуқуқий бўшлиқлар мавжуд эди.
Конституциявий қонун билан қуйидаги энг муҳим янгиликлар киритилмоқда.
Суд фаолиятига ахборот тизими жорий этилиб, мурожаатларни электрон шаклда юбориш, жараённи онлайн кузатиш, видеоконференцалоқа ва мобил илова орқали судда иштирок этиш ҳамда очиқ суд мажлисларини интернет орқали жонли эфирга узатиш имконияти яратилмоқда.
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг оворагарчилигига чек қўйиш ва муддатларни аниқ белгилаш мақсадида келиб тушган мурожаатларни 15 кунлик муддатда дастлабки тарзда ўрганиш, тааллуқли бўлмаган мурожаатларни ваколатли органларга юбориш ёки қабул қилишни рад этиш ҳақида ажрим чиқариш тартиби йўлга қўйилмоқда.
Конституциявий суд қарорларининг ижро механизми кучайтирилмоқда. Конституцияга зид деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган ушбу ҳужжатни 3 ой муддатда Конституцияга мувофиқлаштириши шартлиги ҳамда бундай ҳужжатлар асосида чиқарилган суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тартиби аниқ белгиланмоқда.
Суд кадрлари таркибини мустаҳкамлаш ва холисликни таъминлаш учун Судьялар олий кенгаши билан биргаликда Конституциявий суд судьялигига номзодлар захирасини шакллантириш механизми мустаҳкамланмоқда.
Сенаторлар фикрича, қонун фуқаролар ва тадбиркорларнинг конституциявий ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, суд шаффофлигини ошириш ва фуқароларнинг одил судловга эришиш имкониятини тубдан яхшилашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида Сенат аъзолари қонунни маъқуллади.
Ялпи мажлисда “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Аммо амалиёт таҳлили вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган жинсий ва жисмоний зўравонлик ҳолатларига қарши жазо муқаррарлигини таъминлаш ҳамда процессуал ҳимоя механизмларини янада кучайтиришни тақозо этмоқда.
Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят-ижроия ва Меҳнат кодексига ҳамда бир қатор қонунларга принципиал ва қатъий ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан, 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахслар учун узоқ муддатга – 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилмоқда.
Ушбу тоифадаги жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги қўлланилмайди, шунингдек, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноят содир этган шахсга нисбатан шартли ҳукм қилиш ва муддатидан илгари шартли озод қилиш тақиқланади.
Суд ва тергов жараёнларида болаларни қайта руҳий жароҳатланишдан ҳимоя қилиш мақсадида зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш, жабрланувчи бола ва айбланувчи ўртасидаги юзлаштиришни фақат суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг қарори ёхуд суднинг ажрими билан ўтказиш ҳамда болага процессуал жараён бошиданоқ давлат ҳисобидан бепул адвокат ажратиш тизими йўлга қўйилмоқда.
Шунингдек, таълим ва тарбия муассасалари ходимлари томонидан болага нисбатан зўравонлик содир этилганда, улар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси киритилмоқда.
Ота-оналарнинг болаларга ғамхўрлик кўрсатмаслиги, шаҳвоний шилқимлик, никоҳ ёшини бузиш ҳамда болаларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилмаганлик учун маъмурий жазолар кескин кучайтирилмоқда.
Сенаторлар ушбу қонун жамиятда болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйишга, содир этилган қилмиш учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга ҳамда ҳар бир боланинг хавфсиз ва адолатли муҳитда камол топишига хизмат қилишини алоҳида қайд этди.
Сенат аъзолари қонунни маъқуллади.
Бундан ташқари, Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга, бозор механизмларини ривожлантиришга, банклар ва тўлов тизимларининг барқарорлигини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга Марказий банк томонидан пул-кредит сиёсатини амалга ошириш, кредит ташкилотлари учун пруденциал нормативларни белгилаш ва тўлов тизимларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатларни халқаро тамойиллардан келиб чиққан ҳолда самарали тарзда амалга ошириш, молия бозорида юзага келадиган фавқулодда вазиятлар шароитида тезкор ҳуқуқий чоралар кўриш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига Марказий банкнинг институционал мустақиллигини янада мустаҳкамлашга, унинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш билан боғлиқ фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган тузатишлар киритилмоқда.
Жумладан, Марказий банк, унинг ҳудудий бош бошқармалари ва тасарруфидаги ташкилотлар фаолиятини текшириш Олий Мажлис Сенатининг қарори асосида ёки қонунда назарда тутилган ҳолларда амалга оширилиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, банкларда корпоратив бошқарувни ва ички аудитни ташкил этиш, аҳолининг қарз юкини тартибга солиш, пул-кредит сиёсатини амалга ошириш, тизимли молиявий инқироз юзага келишининг олдини олиш ҳамда тўловларни ва тўлов тизимларини тартибга солиш юзасидан Марказий банкнинг юридик хизматининг ижобий хулосаси берилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар соддалаштирилган тартибда ўн кун ичида давлат рўйхатидан ўтказилиши белгиланмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонун банклар ва тўлов тизимларининг барқарорлигини мустаҳкамлашга, банклар ва тўлов тизимларини ривожлантириш борасида илғор халқаро амалиётни янада кенг жорий этишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолини хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигига оид талабларни бузганлик учун маъмурий жавобгарликни қайта кўриб чиқиш, ҳуқуқбузарликларни аниқ таснифлаш, маҳсулотни реализация қилганлик билан бир қаторда уни сотиш учун қабул қилганлиги сабабли ҳам жавобгарлик белгилаш, такрорий ҳуқуқбузарликларга нисбатан кучайтирилган чораларни жорий этиш зарурати юзага келмоқда.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга истеъмол муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини, шунингдек, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги белгиланган озиқ-овқат маҳсулотларини уларни кўрсатмаган ҳолда реализация қилиш ҳамда сотиш учун қабул қилганлиги сабабли жавобгарлик кучайтирилишини назарда тутувчи тузатишлар киритилмоқда.
Қайд этилганидек, жавобгарликни кучайтиришдан асосий мақсад аҳоли саломатлигига хавф туғдириши мумкин бўлган маҳсулотларни савдо айланмасидан барвақт чиқариш ва бундай ҳолатларнинг олдини олишдан иборат.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳаётига ва соғлиғига зарар етказилиши билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олишга, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Сенатнинг ялпи мажлисида “Халқаро меҳнат стандартлари миллий қонунчиликка имплементация қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда камситишнинг олдини олиш, меҳнат муносабатларида тенглик ва адолат тамойилларини таъминлаш ҳамда халқаро меҳнат стандартларини миллий амалиётга изчил жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари қоидаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали меҳнат соҳасидаги ҳуқуқий база босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда.
Қонун билан Меҳнат кодексига “терисининг ранги” ҳамда “сиёсий қарашлари” каби белгилар меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш сифатида баҳоланадиган ҳолатлар ҳисобланишини, шунингдек, меҳнат ва машғулотлар соҳасида шаҳвоний шилқимликка йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, қонун меҳнат соҳасида барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратиш, ҳар қандай кўринишдаги камситишларнинг олдини олиш ҳамда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шу билан бирга, Сенатнинг 20-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига уюшган жиноятчилик ва жамоат тартибига қарши жиноятлар учун жавобгарликни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, жамоат тартибини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаётини муҳофаза қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, жиноят содир этиш усулларининг ўзгариб бориши, уюшган жиноятчиликнинг янги шакллари пайдо бўлиши жавобгарлик чораларини замонавий таҳдидларга мос равишда такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Қонун билан уюшган жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини кучайтиришга қаратилган қатор муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, Жиноят кодекси жиноий уюшма фаолиятини молиялаштирганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи янги норма билан тўлдирилмоқда. Шунингдек, жиноий уюшма ташкил этилиши ёки унинг томонидан содир этилган жиноятларни яширишга ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш орқали ҳомийлик қилганлик учун ҳам алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда.
Бундан ташқари, уюшган гуруҳ томонидан содир этилган безорилик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда. Жиноят содир этгунга қадар 14 ёшга тўлган шахсларнинг уюшган гуруҳ таркибида безорилик содир этганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонун билан безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш, шунингдек, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир шикаст етказиш учун жавобгарликни кучайтириш ҳам назарда тутилмоқда.
Яна бир муҳим янгилик. Жанговар спорт турлари бўйича спорт мусобақаларини қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Бундай мусобақаларда иштирок этганлик учун эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда алоҳида жавобгарлик чораси назарда тутилмоқда.
Шунингдек, мазкур жиноятлар бўйича дастлабки терговни қайси органлар амалга оширишига оид процессуал нормалар ҳам аниқлаштирилмоқда.
Сенаторлар ўз чиқишларида қонуннинг жиноий уюшмаларнинг молиявий манбаларини чеклаш, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ёшларни жиноий муҳит таъсиридан ҳимоя қилиш ва оғир оқибатларга олиб келувчи зўравонлик жиноятларининг олдини олишдаги аҳамиятини таъкидлади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Сенатнинг ялпи мажлисида “Давлат ветеринария назорати такомиллаштирилиши муносабати билан “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур қонун ветеринария-санитария хавфсизлигини таъминлашнинг кафолатли тизимини жорий этиш, давлат ветеринария назоратини янада такомиллаштириш ҳамда ветеринария тўғрисидаги қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг қоидаларига мувофиқлаштиришга қаратилган.
Шу билан бирга, ҳайвонлар касалликларининг олдини олиш, профилактика тадбирларининг даволаш ишларига нисбатан устуворлиги ҳамда ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашё хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ нормалар мустаҳкамланмоқда.
Қонун билан “Ветеринария тўғрисида”ги қонунга ветеринария соҳасидаги асосий принципларни белгилаш, давлат, идоравий ва ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизматлари ҳамда хусусий ветеринария фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш билан боғлиқ хавфни таҳлил қилиш ва бошқаришга қаратилган тузатишлар киритилмоқда.
Шунингдек, соҳага оид миллий қонунчиликни халқаро нормаларга, шу жумладан, Жаҳон савдо ташкилотининг қоидалари ва нормаларига уйғунлаштириш ҳам назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ҳайвонларнинг юқумли касалликлари бўйича ҳудудлар ва кичик ҳудудларни (компартментларни) ажратиш, уларнинг хавфсизлик тоифаларини белгилаш, ветеринария-санитария чораларини хавф таҳлили асосида қўллаш ҳамда давлат ветеринария хизмати назоратидаги товарларни зарур ҳолларда лаборатория текширувидан ўтказишга оид тартиб ҳам мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Сенаторлар фикрича, қонун миллий қонунчиликни халқаро нормаларга уйғунлаштириш, мамлакатимизда ветеринария осойишталиги ва ветеринария назоратидаги товарларнинг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларини самарали бошқариш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, шунингдек, сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, сувнинг давлат ҳисобини юритиш, сув хўжалиги объектларидан ва қурилмаларидан фойдаланишда бевосита масъул бўлган шахсларнинг жавобгарлигини белгилаш, оқова сувларни чиқариб юбориш тартибига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, сув истеъмолчиларига қулайликлар яратиш зарурати юзага келмоқда.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Сув кодексларига сувларнинг давлат ҳисобини юритиш ҳамда сув хўжалиги объектларидан ва қурилмаларидан ҳамда оқова сувларни чиқариш тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилишини, шунингдек, сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартномалар махсус ахборот тизимида автоматлаштирилган ҳолда электрон шаклда рўйхатдан ўтказилишини назарда тутувчи тузатишлар киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши сув ресурсларидан самарали фойдаланишга, соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ва сув ресурсларининг муҳофаза қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунингдек, Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, амалдаги қонунчиликда тегишли мақомга эга бўлган шахсларнинг дахлсизлигига оид нормалар турли соҳавий қонунларда тарқоқ ҳолда мавжуд бўлиб, уларни қўллашда ягона процессуал тартибнинг йўқлиги амалиётда муаммоларни келтириб чиқараётган эди.
Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги ва бошқа қонунларга муҳим тузатишлар киритилмоқда.
Жумладан, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар янги боблар билан тўлдирилиб, дахлсизликка эга шахслар доираси (депутатлар, судьялар, Омбудсман, прокурорлар, комплаенс хизмати ходимлари, адвокатлар ва бошқалар) аниқ тизимлаштирилди.
Ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш, розилик олиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш, тинтув ва тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишнинг ваколатли субъектлари ва қатъий тартиби белгиланмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу қонун мансабдор ва тегишли мақомга эга шахсларни асоссиз таъқиб ва босимлардан ҳимоя қилиш, уларнинг ўз хизмат вазифаларини мустақил бажаришини таъминлаш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида суиистеъмолликнинг олдини олишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида Сенат аъзолари қонунни маъқуллади.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати