Ўзбекистон раҳбарининг парламентлараро форумни таъсис этиш ташаббуси долзарб қадам сифатида баҳоланди
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» биринчи парламентлараро форуми доирасида парламент делегациялари учрашувлари ташкил этилди.
Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Қозоғистон Парламенти Мажлиси Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Айгуль Куспан, Тожикистон Мажлиси Намоёндагон Мажлиси Оли раисининг ўринбосари Мавсума Муини, Туркманистон Межлиси Халқаро ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Максат Кулиев, Қирғиз Республикаси Жогорку Кенешининг Фан, таълим, инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари, маданият, спорт ва ёшлар ишлари қўмитаси раисининг ўринбосари Салтанат Аманова билан учрашувлар ўтказди.

Делегация раҳбарлари Самарқанд саммитида Ўзбекистон раҳбари илгари сурган «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» парламентлараро форумини таъсис этиш ташаббусини ўз вақтидаги долзарб қадам сифатида баҳолади. Бу ташаббус Ўзбекистоннинг минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришдаги бирлаштирувчи ўрнини яққол намоён этмоқда.

Давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларни парламент даражасида қўллаб-қувватлаш ва амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш муҳимлиги қайд этилди. Форумни институционаллаштириш, уни ротация асосида ўтказиш ва иштирокчилар доирасини кенгайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Учрашувларда Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга бўлган қизиқиши ортиб бораётгани қайд этилиб, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш учун мувофиқлаштирилган минтақавий ёндашув зарурлиги таъкидланди.
Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилгани алоҳида қайд этилди.
Шу билан бирга, парламентлараро ҳамкорликни янада кучайтириш, жумладан, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси доирасида транспорт боғлиқлиги ва экологик барқарорлик масалаларига бағишланган қўшма тадбир ўтказиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА