Ўзбекистон қовунларининг Скандинавияга экспорти кенгаймоқда (+видео)
Ўзбекистон мева-сабзавотлари талабчан Европа бозорларига чиқмоқда. Қатъий сифат стандартларига жавоб берган маҳсулотлар Скандинавия расталаридан муносиб жой эгаллади.
2025 йилда Ўзбекистон 2.2 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилган ва уларнинг умумий қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ. Халқаро бозорларга чиқарилган маҳсулотларнинг 233 минг тоннадан зиёди тарвуз ва қовун маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келган.
Эътиборли жиҳати, мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавотлар озиқ-овқат хавфсизлиги борасида қатъий талабларни белгилаган Европа Иттифоқи давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда. Яъни, нафақат экспорт ҳажмини ошириш, балки сифатли маҳсулот етиштириш чоралари кўрилмоқда.
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонаси билан олиб борилган музокаралари натижасида маҳаллий қовун фитосанитария талаблари асосида Скандинавия давлатига йўналтирилди.
- Ўзбекистоннинг мева-сабзавотлари экспорти учун Скандинавия бозорлари, яъни Швеция, Норвегия, Дания истиқболли давлатлар сифатида кўрилмоқда, - дейди Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси мутахассиси Муҳаммадали Бахтиёров. – Ўтган йилнинг шу даврида Швецияда миллий маҳсулотларимиз тарғиботи, яъни Ўзбекистон маҳсулотлари савдо ярмаркаси ўтказилган. Ушбу ярмарка доирасида бир қатор савдо тармоқлари вакиллари билан тўғридан-тўғри экспортчи корхоналаримиз билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг бозорида талаб юқори бўлган маҳсулотларимизнинг савдо расталарига тўғридан-тўғри жойлаштирилиши бўйича муҳим келишувларга эришилганди. Ушбу келишувлар сабаб бир қатор маҳсулотларимиз ҳозирда Швеция, Норвегия, Дания давлатларидаги савдо тармоғи расталарига тўғридан-тўғри экспорт қилинмоқда.
Айни вақтда Швеция бозорига маҳсулотлар турини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Миллий бренд остида қадоқланган қуритилган мева ва ёнғоқларни сотувга чиқариш бўйича ҳам музокаралар давом этяпти. Экспорт географиясининг кенгайиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги бозорлар, янги харидорлар ва қўшимча имкониятлар деганидир.
Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА