Ўзбекистон Қаҳрамони Зикир Муҳаммаджонов – саҳнада буюк, ҳаётда камтарин санъаткор эди
Ўзбекистон Қаҳрамони Зикир Муҳаммаджонов: саҳнада буюк, ҳаётда оддий. Унинг санъатга садоқати ва инсоний фазилатлари унутилмас мерос бўлиб қолди.
Инсонни оддийлик безайди, улуғвор этади, камолот сари етаклайди, ҳурмат ва эҳтиромга сазовор қилади. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Зикир Муҳаммаджонов ана шундай оддийлик ва самимиятни бутун умри давомида ўзида мужассам этган, санъатга заҳматли меҳнати, фидойилиги ва юксак истеъдоди билан миллий театр ва кино санъатимиз тарихида ўчмас из қолдирган буюк санъаткор эди.
Тошкентнинг сершовқин, машиналару пиёдаларга тўлиб-тошган кўчаларида Зикир аканинг муайян маскан – театр, премьера, ёшлар билан мулоқот ва турли учрашувларга асосан пиёда борганларига кўпларимиз гувоҳ бўлганмиз. Бу оддий ҳаракат ортида унинг ҳаётга, одамларга ва касбига бўлган самимий муносабати мужассам эди. У ўзини бошқалардан устун қўймас, халқ орасида оддий инсон сифатида юрар, шу билан бирга санъатда ўзининг юксак мавқеини меҳнат ва истеъдод билан намоён этарди.
Зикир Муҳаммаджонов – ўзбек театр ва кино санъатининг йирик намояндаларидан бири. Унинг номи нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам яхши танилган. У ўзининг бетакрор овози, саҳнавий маданияти, образ яратиш маҳорати ва қаҳрамон руҳиятини теран англаш қобилияти билан томошабинлар меҳрини қозонди.

Зикир Муҳаммаджонов 1921 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Санъатдаги ғоят серзаҳмат ва мазмунли ижодий йўли давомида у тарихий шахслар, замондошлар, турли тақдир ва характер эгаларининг 250 дан ортиқ образини катта маҳорат билан яратди. Унинг ҳар бир роли санъаткорнинг чуқур изланиши, ҳаётий кузатувлари ва касбига бўлган беқиёс садоқатининг маҳсули эди. У ижро этган Алишер Навоий, Темур Малик, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек ва бошқа кўплаб тарихий шахслар образлари театр санъати, кино ва телевизион спектакль мухлислари хотирасида муҳрланиб қолган.
Актёр ҳар бир қаҳрамоннинг ички дунёси, руҳияти ва характерини чуқур ўрганиб, уни саҳнада ишонарли гавдалантиришга интиларди. У учун роль матнини ёд олишнинг ўзи кифоя эмас эди. Қаҳрамонни англаш, унинг даврини ҳис қилиш, фикрлаш тарзини ўрганиш ва томошабинга унинг қалбини етказиш муҳим эди.

Зикир Муҳаммаджоновнинг санъатга кириб келиши ҳам ўзига хос тақдир тақозоси билан боғлиқ. Ўша даврда Ўрта Осиё давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетида таҳсил олаётган ёш Зикирни театр арбоби Маннон Мажидов – Маннон Уйғур кўчада учратиб қолади. Маннон Уйғур ўша даврда билим ва изланиш иштиёқи билан тўлиб-тошган ёш Зикирни театрда оммавий саҳналарда иштирок этишга таклиф қилади.
Кейинчалик ёш йигитнинг табиий истеъдоди ва саҳнага бўлган қизиқишини англаган Маннон Уйғур унга театрда ишлашни таклиф этади. Шу тариқа Зикир Муҳаммаджонов Тошкентдаги Ҳамза номидаги академик драма театри – ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга келади. Ушбу ижодий жамоа билан тақдири бир умрга боғланади ва умрининг сўнгги нафасига қадар шу даргоҳда меҳнат қилади.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Зикир Муҳаммаджонов ҳам юртдошлари қаторида фронт ортида меҳнат қилиб, Ғалабага ўз ҳиссасини қўшган. 1941-1943 йилларда Тошкентда фронт учун ҳарбий самолётлар тайёрланган авиация заводида чилангар-йиғувчи бўлиб ишлайди. Бу йиллар унинг ҳаётидаги оғир, аммо чиниқиш, ирода тоблаш ва ҳаётий тажриба орттириш даври бўлган. Кейинчалик саҳнадаги кўплаб мураккаб образларни яратишда унинг ана шу ҳаётий тажрибалари ҳам муҳим аҳамият касб этгани шубҳасиз.
945-1949 йилларда Тошкентдаги санъатга ихтисослашган олий ўқув даргоҳининг актёрлик факультетида таҳсил олади. Кундузлари ўқиб, кечқурунлари театр саҳнасида фаолият юритган Зикир Муҳаммаджонов ўқишни аъло баҳолар билан тамомлайди. Бу давр унинг профессионал актёр сифатида шаклланишида муҳим босқич бўлди.
Ўша даврда театр санъати усталаридан бири бўлган, ижодий жамоада Зикир Муҳаммаджонов билан қирқ йилдан ортиқ бирга меҳнат қилган Тошхўжа Хўжаев актёр ҳақида шундай фикр билдирган эди:

– Зикир Муҳаммаджонов астойдил меҳнат қиладиган актёрлар тоифасига киради. У ҳар бир спектакль бошланишидан икки соат аввал театрга келарди. Спектакллар учун репетицияларда эса уч-тўрт соатлаб шуғулланарди. У шунчаки роль ўйнамасди, балки қаҳрамоннинг ҳолатига кира оларди. Зикир саҳнага чиққан пайтда зал томошабинлар билан тўлиб кетарди. Бу нафақат Тошкентда, балки Россия, Тожикистон ва бошқа кўплаб юртлар саҳналарида ҳам шундай ҳолат кузатиларди.
Бу фикрлар Зикир Муҳаммаджоновнинг санъатга муносабатини яққол ифодалайди. Унинг учун актёрлик оддий касб эмас, балки катта масъулият ва тақдир эди. Саҳнага чиқишдан олдинги тайёргарлик, репетициялардаги сабр-тоқат, образ устидаги узоқ изланишлар унинг ижодий кредосига айланганди.

Кинога Зикир Муҳаммаджонов бироз кейинроқ кириб келган бўлса-да, экрандаги образлари билан томошабинлар меҳрини тезда қозонди. Зеро, у кино ва театрдаги ҳар бир ролини машаққатли меҳнат, катта изланиш ва заҳмат билан яратар эди. Актёр қаҳрамонларининг ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганиш мақсадида архив ҳужжатларини излар, тарихий манбалар билан танишар, давр руҳиятини ҳис қилишга ҳаракат қиларди.
Актёрнинг «Генерал Раҳимов» фильмида яратган образи ҳам санъаткор ижодида алоҳида ўрин тутади. Ушбу фильм собиқ Иттифоқ ҳудудидан ташқарида ҳам намойиш этилган ва ўз даврида томошабинлар эътиборини қозонган. Актёр ушбу образ орқали тарихий шахснинг жасорати, қатъияти ва инсонлик фазилатларини экранда ишонарли акс эттира олди.
Зикир Муҳаммаджонов ўзбек ва ҳинд кинематографлари ҳамкорлигида суратга олинган бир қатор фильмларда, жумладан, «Али бобо ва қирқ қароқчи», «Севги афсонаси» каби киноленталарда ҳам бетакрор образлар яратган. Бу роллар санъаткор ижодининг географияси кенг бўлганини, унинг актёрлик маҳорати турли маданий муҳит ва кино мактабларида ҳам юксак баҳоланганини кўрсатади.
Устоз санъаткор кўплаб халқаро кинофестивалларнинг азиз меҳмони бўлган. У Жан Маре, Чарли Чаплин, Михаил Ульянов каби машҳур санъаткорлар билан мулоқот қилган, дўстлашган эди. Ҳиндистонлик буюк актёр Раж Капур билан эса яқин дўстона муносабатда бўлгани, икки санъаткор бир-бирларининг хонадонларида меҳмон бўлиб тургани ҳақида кўплаб хотиралар мавжуд.
Зикир Муҳаммаджоновнинг санъатдаги обрўси унинг инсон сифатидаги фазилатлари билан ҳам уйғун эди. У қанчалик машҳур ва эътироф этилган санъаткор бўлмасин, ҳаётда ўзини оддий тутишга интилар, одамлар билан самимий мулоқот қиларди. Унинг халқ орасида эркин юриши, ёшлар билан суҳбатлашиши, уларга ўз тажрибасини баҳам кўриши санъаткорнинг қалбида одамларга бўлган меҳр ва ҳурмат нақадар юксак бўлганини кўрсатади. Актёрга бўлган бундай умумхалқ муҳаббати унинг меҳнати ва истеъдоди учун ўзига хос мукофот эди.

Истиқлол йилларида ҳам Зикир Муҳаммаджоновнинг санъат ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси юксак қадрланди. У «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони, «Дўстлик» ва «Буюк хизматлари учун» орденлари билан тақдирланган. Аммо унинг учун энг катта мукофот – халқ меҳри ва томошабинлар қалбида қолган образлари эди.
Зикир Муҳаммаджонов нафақат маҳоратли санъаткор, балки оддий, ўта камтарин, меҳнатсевар ва доимо халқ ичида юрган инсон эди. Унинг ҳаёти ва ижоди ёш авлод учун меҳнатсеварлик, касбга садоқат, инсонларга ҳурмат ва камтарликнинг ёрқин намунасидир.
Бугун орамизда йўқ бўлса-да, Зикир Муҳаммаджонов яратган образлар ҳамон яшамоқда. Улар саҳна ва экрандаги оддий роллар эмас, балки ўзбек халқининг тарихий хотираси, маънавий дунёси ва миллий қадриятларини ифода этувчи бадиий мерос сифатида қадрлидир.

У яратган юзлаб образлар миллий театр ва кино санъатимизнинг олтин хазинасидан муносиб ўрин олган. Унинг ҳар бир роли ортида катта меҳнат, изланиш, сабр ва санъатга чексиз муҳаббат мужассам.
Ўзбекистон Қаҳрамони Зикир Муҳаммаджоновнинг саҳнадаги буюклиги, ҳаётдаги оддийлиги уни халқ хотирасида абадий яшайдиган санъаткорлар қаторига қўшди. Унинг ижодий мероси эса янги авлод актёрлари учун ҳамиша ўзига хос мактаб, инсонлик фазилатлари эса ибрат манбаи бўлиб қолаверади. Зеро, буюк санъаткорни вақт эмас, халқ хотираси асрайди. Зикир Муҳаммаджонов эса ана шу хотирада ўзининг муносиб ва ўчмас ўрнига эга.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири