Ўзбекистон–Ўмон стратегик шериклиги: янги иқтисодий имкониятлар ва барқарор тараққиёт сари муҳим қадам
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 16-17 ноябрь кунлари Ўмон Султонлигига ташрифи икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади. Кўплаб соҳалардаги алоқалар янада кенгайиб, янги имкониятлар очилишига хизмат қилади.
Мазкур ташриф давомида эришилган келишувлар ва уларнинг натижалари, умуман, икки томонлама муносабатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Барно Бердиева ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Давлатимиз раҳбарининг Ўмон Султонлигига давлат ташрифи мамлакатимиз ташқи сиёсатида иқтисодий дипломатия, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва миллий тараққиёт мақсадларига хизмат қилувчи янги имкониятларни ишга солиш борасида муҳим воқеа бўлди.
Эътиборлиси, ушбу ташриф доирасида Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилинди. Стратегик шериклик тўғрисидаги битим икки давлат ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган муносабатларни янги мазмун билан бойитиб, ҳамкорликни узоқ муддатли мақсадлар асосида ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.
Мазкур ташрифнинг энг муҳим жиҳати шундаки, у фақат дипломатик мулоқот ва сиёсий келишувлар билан чекланиб қолмади. Аксинча, музокаралар жараёнида иқтисодий ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари, инвестициявий лойиҳалар, транспорт-логистика имкониятлари, саноат кооперацияси, таълим ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, бугунги халқаро муносабатларда давлат ташрифларининг самараси, энг аввало, уларнинг мамлакат иқтисодиётига, аҳоли турмуш фаровонлиги ва янги тараққиёт имкониятларига қай даражада хизмат қилиши билан белгиланади.
Давлат раҳбарлари ўртасидаги музокаралар айнан шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли. Унда икки мамлакатнинг мавжуд иқтисодий салоҳиятини бирлаштириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, инвестицияларни жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2025 йилда 2,3 миллион АҚШ долларини ташкил этган. 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида эса бу кўрсаткич 3,3 миллион долларга етган. Яъни, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 70 фоиздан зиёд ўсиш қайд этилган.
Албатта, ўсиш суръати ижобий. Бироқ бу рақамлар икки мамлакат иқтисодиётининг мавжуд имкониятлари ҳали тўлиқ ишга солинмаганини ҳам кўрсатади. Шу боис, давлат раҳбарлари даражасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини истиқболда 1 миллиард долларга етказиш вазифасининг қўйилиши стратегик аҳамиятга эга.
Бу мақсадга эришиш учун фақат савдо операцияларини кўпайтиришнинг ўзи кифоя қилмайди. Энг аввало, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни кучайтириш, қўшма корхоналар ташкил этиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, товарларнинг ташқи бозорларга чиқишидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш талаб этилади. Шу нуқтаи назардан, ташриф доирасида умумий қиймати 5 миллиард АҚШ долларига тенг истиқболли лойиҳалар портфелининг шакллантирилгани алоҳида эътиборга молик.
Мазкур лойиҳаларнинг саноат, электротехника, энергетика, транспорт-логистика, кимё, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, замонавий шаҳарсозлик, туризм ва рақамли технологиялар каби муҳим соҳаларни қамраб олгани ҳамкорликнинг кўп қиррали хусусиятини намоён этмоқда. Хусусан, электротехника соҳасида кабель ва трансформатор маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқариш ҳамда уларни қўшни мамлакатларга экспорт қилиш бўйича келишувлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятлар яратади. Бу эса ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Транспорт-логистика йўналишидаги ҳамкорлик ҳам стратегик аҳамиятга эга. Ўмоннинг денгиз портлари ва эркин иқтисодий зоналари имкониятларидан фойдаланиш орқали Ўзбекистон маҳсулотларини Яқин Шарқ ва бошқа ташқи бозорларга етказиб бериш учун янги савдо йўналишлари шаклланиши мумкин.
Яна бир муҳим жиҳат – Ўзбекистон–Ўмон инвестиция компаниясининг устав капиталини 500 миллион долларга етказиш режаси. Бу механизм истиқболли қўшма лойиҳаларни молиялаштириш, хорижий сармояларни иқтисодиётнинг устувор тармоқларига йўналтириш ва инвестициявий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш учун муҳим институционал асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Давлат ташрифи доирасида Стратегик шериклик тўғрисидаги битим билан бир қаторда 30 дан ортиқ икки томонлама ҳужжатнинг имзоланиши ҳам муносабатларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланаётганидан далолат беради. Ушбу ҳужжатлар виза тартибини соддалаштириш, саноат кооперацияси, иқтисодиёт ва молия, имтиёзли савдо, эркин иқтисодий зоналар, божхона, транспорт ва логистика, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни қамраб олган.
Албатта, эришилган келишувларнинг ҳаётга татбиқ этилишида парламентнинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Халқаро ҳужжатлар ва келишувларнинг миллий қонунчилик билан уйғунлигини таъминлаш, тадбиркорлар ва инвесторларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим, илм-фан ва маданий ҳамкорлик учун зарур ҳуқуқий шарт-шароитларни такомиллаштириш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Шу билан бирга, имзоланган ҳужжатларнинг ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш, белгиланган лойиҳаларнинг амалга оширилиш жараёнларини мунтазам ўрганиш, уларнинг натижадорлигини баҳолаш ҳам долзарб аҳамият касб этади.
Зеро, 5 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар портфели – бу, аввало, катта масъулият ҳамдир. Ушбу лойиҳалар амалга ошиши натижасида янги иш ўринлари яратилади, замонавий корхоналар фаолияти йўлга қўйилади, экспорт ҳажми ошади, маҳаллий мутахассислар янги билим ва технологияларни ўзлаштиради – ҳамкорликнинг ҳақиқий самараси айнан шу мезонлар билан ўлчанади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида қарор топаётган стратегик шериклик икки халқ фаровонлиги, мамлакатларимиз тараққиёти ва келгуси авлодлар учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА