Ўзбекистон МДҲ доирасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тожикистон Республикаси Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси делегациясининг МДҲ давлатлари вакиллари ҳамда туризм соҳасидаги халқаро лойиҳалар раҳбарлари билан қатор учрашувлари бўлиб ўтди.
Жумладан, Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Санжар Тожиев Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Туризм индустрияси қўмитаси раиси Нурбол Байжанов билан учрашди. Унда икки давлат ўртасида туристик алмашинувларни кенгайтириш, ҳудудлараро ва чегараолди туризмини ривожлантириш, шунингдек, Марказий Осиёни ягона туристик йўналиш сифатида учинчи давлатлар бозорларида биргаликда тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Қўшма тақдимотлар, туристик форумлар ва ахборот турларини ташкил этиш, шунингдек, Қозоғистоннинг Туркистон, Қизилўрда ва Манғистау вилоятлари ҳамда Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида дам олиш кунларига мўлжалланган турларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Қозоғистон томонига жорий йил 25–27 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган “Ипак йўлида туризм” — 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркасида миллий стенд билан иштирок этиш таклиф қилинди. Шунингдек, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси кенгаши котибияти вакили, “Travel Hub “Содружество” халқаро туристик лойиҳаси раҳбари Юлия Зайкова билан учрашув ўтказилди.
Унда Ўзбекистоннинг МДҲ Туризм бўйича кенгашига раислиги даврида “Travel Hub “Содружество” билан ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, 2027 йил давомида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ва соҳада амалга оширилаётган лойиҳаларни платформада мунтазам ёритиш таклифлари билдирилди. Учрашувлар якунида туристик алмашинувларни кенгайтириш, ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва қўшма туристик ташаббусларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА