Ўзбекистон космос сари қандай қадам ташламоқда?
Космос фақат фазогирлар, ракеталар ва узоқ сайёралар ҳақидаги тушунча эмас.
Сунъий йўлдошлар орқали олинаётган маълумотлар қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, экология, навигация, алоқа ва давлат бошқарувида кенг қўлланилмоқда. Шу боис космик технологиялар замонавий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бирига айланяпти.
Ҳар йили 4–10 октябрь кунлари Бутунжаҳон космос ҳафталиги нишонланади. У 1999 йилда БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси билан таъсис этилган. 4 октябрь — 1957 йилда биринчи сунъий Ер йўлдоши «Спутник-1» орбитага чиқарилган кун. 10 октябрь эса космик фазодан тинч мақсадларда фойдаланиш тамойилларини белгилаган халқаро шартнома кучга кирган сана.
КОСМИК ИҚТИСОДИЁТ ТЕЗ ЎСМОҚДА
Космос соҳаси энди фақат давлат дастурлари доирасида ривожланмаяпти. Хусусий компаниялар ва тижорат операторлари ҳам бу бозорда тобора катта ўрин эгалламоқда.
“Space Foundation” маълумотларига кўра, глобал космик иқтисодиёт ҳажми 2024 йилда 613 миллиард долларга етган. 2035 йилга бориб бу кўрсаткич 2 триллион долларгача ўсиши мумкин.
Космосга чиқарилаётган аппаратлар сони ҳам жадал ортиб бормоқда. 2024 йилда 2 минг 873 та, 2025 йилда эса 4 минг 544 та космик аппарат орбитага чиқарилган. Бу ўсишда кичик сунъий йўлдошлар ва хусусий компанияларнинг роли катта.

ЎЗБЕКИСТОНДА КОСМИК СОҲА ЯНГИ БОСҚИЧДА
Ўзбекистонда космик соҳани тизимли ривожлантириш 2019 йилда «Ўзбеккосмос» агентлиги ташкил этилганидан кейин янги босқичга кўтарилди.
2025 йилда «Космик фаолият тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши эса соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади. Бу космик технологияларни иқтисодиёт ва давлат бошқарувига кенг жорий этиш учун муҳим қадам бўлди.
Бугун Ўзбекистонда космик маълумотлардан ер муносабатлари, қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, экология, ўрмон хўжалиги ва геология соҳаларида фойдаланилмоқда. Сўнгги беш йилда Ерни масофадан зондлаш маълумотларига бўлган талаб уч баробар ошган. Ҳозир 10 дан ортиқ давлат идораси ва барча ҳудудий ҳокимликлар космик мониторинг тизимидан фойдаланмоқда.
«САМАРҚАНД-2028» — ОРБИТАДАГИ ЯНГИ ТАЖРИБА
2026 йил 5 августда «Самарқанд-2028» гиперспектрал сунъий йўлдоши орбитага чиқарилди.
У Ўзбекистоннинг миллий сунъий йўлдоши эмас, балки Хитойнинг STAR.VISION компанияси билан биргаликда амалга оширилган халқаро лойиҳа. Бироқ унинг муҳим жиҳати шундаки, сунъий йўлдош бортига «Ўзбеккосмос» муҳандислари ишлаб чиққан сунъий интеллект модули жойлаштирилган.
У орбитада маълумотларнинг бир қисмини Ерга юборишдан олдин қайта ишлаш имконини беради. Бу Ўзбекистоннинг космик маълумотлардан фойдаланувчи давлатдан космик технологиялар яратиш жараёнида иштирок этувчи давлатга айланаётганини кўрсатувчи муҳим қадамдир.
«МИРЗО УЛУҒБЕК» — МИЛЛИЙ СУНЪИЙ ЙЎЛДОШГА ҚАДАМ
Ўзбекистоннинг биринчи миллий илмий сунъий йўлдоши — «Мирзо Улуғбек» Япониянинг Кюсю технология институти билан ҳамкорликда яратилмоқда.
6U CubeSat платформасига мансуб аппарат илмий тадқиқотлар, Ерни масофадан зондлаш ва миллий муҳандисларнинг амалий кўникмаларини оширишга хизмат қилади.
Лойиҳада Японияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёш муҳандислар ҳам иштирок этмоқда. Сунъий йўлдошни 2028 йил январь ойида орбитага чиқариш режалаштирилган.
2028 ЙИЛ — САМАРҚАНД КОСМИК МАРКАЗГА АЙЛАНАДИ
2028 йилда Самарқанд Халқаро астронавтика конгрессига мезбонлик қилади. Дунёнинг етакчи космик агентликлари, компаниялари, олимлари ва муҳандислари иштирок этадиган ушбу йирик форум Ўзбекистоннинг космик салоҳиятини халқаро майдонда намоён қилиш учун катта имкониятдир.
Конгресс янги технологиялар, инвестициялар, илмий лойиҳалар ва халқаро алоқалар учун ҳам янги имкониятлар очиши мумкин.
ЭНГ МУҲИМ МАСАЛА — КАДР
Космик соҳада технологиядан ҳам муҳимроқ ресурс — малакали мутахассис.
Шу боис Ўзбекистонда ёшларни муҳандислик ва табиий фанларга жалб қилишга қаратилган “SpaceBuzz Uzbekistan”, “Mission Moon”, “Cosmic Camp”, “CanSat Uzbekistan” ва «Ёш муҳандис» каби лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бу дастурлар орқали мактаб ўқувчилари ва талабалар робототехника, дастурлаш, астрономия, сунъий интеллект ва космик технологиялар билан амалий танишмоқда.
Демак, Ўзбекистоннинг космик соҳадаги асосий вазифаси фақат орбитага сунъий йўлдош чиқариш эмас. Муҳими — ўз технологияси, ўз муҳандислари ва ўз илмий мактабини шакллантириш.
Нигорa Раҳмонова,
ЎзА