Ўзбекистон Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига МДҲда таянч таълим ташкилоти мақоми берилади
Ўзбекистон Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси делегацияси Минск шаҳрида ўтказилган МДҲнинг Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатлараро кенгаши XI мажлисида қатнашди.
Унда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари раҳбарлари иштирок этди.
Мажлис кун тартибидаги муҳим масалалардан бири сифатида Ўзбекистон Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига МДҲ иштирокчи давлатларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги таянч таълим ташкилоти мақомини бериш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг ташаббуси кўриб чиқилди.
Мазкур масала муҳокамаси доирасида Академия бошлиғининг биринчи ўринбосари Евгений Коленко таълим даргоҳининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолияти, ўқув ишлари, илмий-тадқиқот ва эксперт-таҳлилий йўналишлардаги ишлари, мавжуд салоҳияти ҳамда истиқболдаги имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Кенгаш аъзолари Академиянинг келгусида МДҲ иштирокчи давлатларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида фаолият юритувчи идоралари, прокуратура, тергов ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари вакилларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, соҳада илмий тадқиқотлар ва эксперт-таҳлилий ишларни амалга оширувчи етакчи муассаса сифатидаги салоҳиятини юқори баҳолади.
Муҳокамалар якунида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига МДҲ иштирокчи давлатларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги таянч таълим ташкилоти мақомини бериш ташаббуси кенгаш аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.

Кенгашнинг мазкур қарори келгусида МДҲ Ижроия қўмитаси ҳамда МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, тасдиқланиши кутилмоқда.
Тадбир доирасида Академия томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Беларусь Республикасининг қатор таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан учрашувлар ташкил этилди.
Беларусь Республикаси Бош прокуратурасининг илмий-тадқиқот марказида коррупцияга қарши курашиш, прокурорлик назорати фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қўшма тадқиқотлар олиб бориш ҳамда бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Беларусь Республикасининг “Тергов қўмитасининг малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти” таълим муассасасида ўзаро тажриба алмашилди. Ички ишлар вазирлиги Академиясида эса таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган меморандум имзоланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА