Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Осиё Фанлар академияси анжуманида иштирок этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов Осиё Фанлар академияси (ОФА) Бош ассамблеяси ҳамда “Бир макон, бир йўл: умумий илмий-технологик келажакни биргаликда шакллантириш” мавзусидаги Биринчи Осиё юқори даражадаги илмий форумида иштирок этмоқда.
Мазкур халқаро тадбирлар Осиё мамлакатлари фанлар академиялари раҳбарлари, етакчи олимлар, университетлар ва илмий ташкилотлар вакилларини бирлаштириб, илмий-технологик тараққиётнинг устувор йўналишлари, халқаро ҳамкорлик истиқболлари ҳамда замонавий глобал муаммоларга илмий ечимлар ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
ОФА Бош ассамблеяси доирасида ташкилот фаолиятига оид муҳим масалалар, янги аъзоларни сайлаш, раҳбар органлар таркибини шакллантириш, диплом ва кўкрак нишонларини топшириш ҳамда тегишли ташкилий қарорларни кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Тантанали маросимда Ш.Аюповга Осиё Фанлар академияси вице-президенти ва академиги мақомларини тасдиқловчи сертификатлар, шунингдек, жаҳон илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун махсус мукофот топширилди.
Форум дастуридан янги технологиялар, табиий хавфлар, экологик муаммолар ва илмий-амалий халқаро муносабатларга бағишланган тематик сессиялар ҳамда давра суҳбатлари ўрин олди.
Уларда турли мамлакатлар олимлари сунъий интеллект ва робототехнологиялар, экологик муаммоларни ҳал этиш, шаҳарларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш, табиий офатлар хавфини камайтириш ва минтақавий илмий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан маърузалар билан иштирок этди.
Муҳокамалар замонавий илм-фан олдидаги мураккаб вазифаларни ҳал этишда фанлараро ёндашув, илғор технологиялар ва халқаро тажриба алмашинуви муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор намоён этди. Ташриф доирасида халқаро илмий ҳамжамият вакиллари билан учрашув ва музокаралар ҳам ўтказилиб, илмий ташкилотлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, истиқболли қўшма тадқиқотларни йўлга қўйиш ҳамда янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш масалалари муҳокама қилинди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА