Ўзбекистон делегацияси Австралияда уран саноати бўйича халқаро тажрибани ўрганмоқда
Уран саноатида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илғор технологиялар ва геология-қидирув ишлари бўйича тажриба алмашиш соҳанинг истиқболли йўналишларини белгилашда муҳим аҳамият касб этади.
Шу кунларда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги делегациясининг Австралияда хизмат сафарида бўлиб, геология-қидирув ишлари ҳамда уран қазиб олиш соҳасидаги халқаро тажрибани ўрганаётгани айнан шу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятли.
Хизмат сафари давомида Ғарбий Австралия минтақасида жойлашган истиқболли уран майдонларида геологик ўрганиш ишлари олиб борилди. Унда геология-қидирув жараёнларини ташкил этиш, амалга ошириш усуллари ва соҳадаги илғор ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, Жанубий Австралия минтақасида жойлашган “Samphire” уран майдонида олиб борилаётган тажриба-саноат ишлари натижалари билан танишилди. Мутахассислар минераллашув босқичлари, геология-қидирув ишлари ва уран қазиб олишга тайёргарлик жараёнларининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот олди.
7-8 октябрь кунлари делегация Аделаида шаҳрида бўлиб ўтган “Global Uranium Conference – 2026” халқаро конференциясида иштирок этди. Унда Ўзбекистон, АҚШ, Канада, Австралия, Намибия, Хитой, Аргентина, Ҳиндистон, Япония, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлардан 50 дан ортиқ компания вакиллари қатнашди.
Конференция доирасида Ўзбекистон уран саноатининг эришган натижалари, “Навоийуран” ДКнинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва хорижий мамлакатларда уран қазиб олиш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларига бағишланган тақдимот ўтказилди.

Тадбир давомида халқаро тажрибани ўрганиш, соҳадаги мутахассислар ва компаниялар билан профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Вазирлик ахборот хизматининг хабар беришича, делегациянинг Австралиядаги хизмат сафари ва халқаро конференция доирасидаги тадбирлар 10 октябрь куни якунланади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА