Ўзбекистон COP31 саммитига тайёргарлик кўрмоқда
Иқлим ўзгариши оқибатлари тобора долзарб аҳамият касб этаётган бир шароитда мамлакатларнинг халқаро ҳамкорлиги, экологик ташаббуслари ва амалий ечимлари муҳим ўрин тутмоқда.
Ўзбекистон ҳам глобал иқлим кун тартибидаги ўз устувор йўналишларини халқаро ҳамжамиятга тақдим этиш мақсадида БМТнинг йирик конференциясига тайёргарлик кўрмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов раислигида мамлакат делегациясининг Туркияда бўлиб ўтадиган БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонларининг 31-конференцияси — COP31да иштирок этишига тайёргарлик масалалари бўйича ишчи йиғилиш ўтказилди.
Унда халқаро конференцияда Ўзбекистоннинг иштироки, миллий экологик ташаббусларни тақдим этиш ва хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда Ўзбекистоннинг иқлим ўзгариши соҳасидаги устувор йўналишлари, амалга оширилаётган миллий лойиҳалар ва эришилган натижаларни халқаро ҳамжамиятга тақдим этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, делегация тадбирлари ва ишбилармонлик дастурини шакллантириш, халқаро ҳамкорлар билан алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда мамлакатнинг конференциядаги иштирокини ахборот ва медиа жиҳатдан ёритиш масалалари кўриб чиқилди.
Бу жараёнда ягона коммуникация кун тартибини ишлаб чиқиш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди. У орқали Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига мослашиш, унинг салбий оқибатларини юмшатиш ва глобал иқлим мақсадларига эришишга қўшаётган ҳиссасини халқаро аудиторияга кенгроқ етказиш кўзда тутилган.
COP31 конференцияси Ўзбекистон учун нафақат миллий экологик лойиҳаларни намойиш этиш, балки халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш борасидаги ташаббусларни илгари суриш имконияти ҳамдир.
Йиғилиш якунида конференцияга тайёргарлик кўриш бўйича навбатдаги вазифалар ва ҳамкорликда амалга ошириладиган ишларнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА