Ўзбекистон Бош прокурори МДҲ ва ШҲТ доирасидаги бош прокурорлар йиғилишларида иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев бошчилигидаги делегацияси Қозон шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатлар Бош прокурорларининг Мувофиқлаштирувчи кенгаши 36-йиғилишида иштирок этди.
Йиғилишда хорижга ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилган активларни қайтариш соҳасидаги замонавий чақириқлар ва янги ечимлар юзасидан тажриба алмашилди.
Ўзбекистон Бош прокурори «Активларни хориждан қайтариш соҳасида Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг тажрибаси» мавзусида маъруза қилди.
Йиғилиш якунига кўра, тегшили қарорлар қабул қилиниб, уларда МДҲга аъзо давлатлар прокуратура органлари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Йиғилиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошев Россия Федерацияси Бош прокурори А.Гуцан билан учрашди.

Унда томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илғор тажриба алмашиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги ҳамкорликни такомиллаштиришга доир муҳим масалаларни муҳокама қилди.
Россияга ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар бош прокурорларининг 24-йиғилишида ҳам иштирок этди.
Унда оила ва вояга етмаганларни ҳимоя қилиш, анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, болалар ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳамда бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, мазкур соҳада ШҲТга аъзо давлатлар прокуратура органлари ўртасида тажриба алмашилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори «Анъанавий оилавий қадриятларни ҳимоя қилиш ва вояга етмаганлар ўртасида деструктив контент тарқалишининг олдини олиш» мавзусида маъруза қилди.
Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия ва Тожикистон прокуратура органлари раҳбарлари ҳам иштирок этган йиғилиш якунига кўра, бош прокурорлар ШҲТ доирасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга томонларнинг интилишини тасдиқловчи баённомани имзолади.
Н.Абдураимова,
ЎзА