Ўзбекистон-БМТТД: “яшил”, барқарор ва инклюзив иқтисодиётга ўтиш жараёни жадаллашмоқда
Бугун Тошкентда “Қўшма кредитлаш механизми орқали инновацион декарбонизация ечимларини илгари суриш ҳамда Ўзбекистонда давлат бинолари ва жамоат транспортининг декарбонизация салоҳиятини намойиш этиш” қўшма лойиҳасининг якуний тадбири ўтказилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда лойиҳа ижрочилари ва манфаатдор томонлар иштирок этди.
Унда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси доимий вакили Акико Фужии, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлими бошлиғи Шаҳзод Исломов, Сирдарё тумани ҳокими Азизбек Турдимуродов ва бошқалар ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳанинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Япония ҳукумати томонидан молиялаштирилган ушбу ташаббус декарбонизация бўйича амалий ечимларни синовдан ўтказиш, фактларга асосланган иқлим сиёсатини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг барқарор келажакка ўтишини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
– Ушбу ташаббуслар MRV ва ESG тамойиллари билан уйғун ҳолда амалга оширилмоқда. Бу келгусидаги сиёсат учун билим, хулосалар ва тавсиялар алмашишда энг яхши имкониятлардан бири ҳисобланади.
Ушбу мақсадлар шаҳарсозлик ва логистика соҳаларида амалга оширилган ҳамда халқаро мажбуриятлар доирасида қабул қилинган ташаббусларни қамраб олади. Бу мажбуриятлар АҚШ, БМТ ва халқаро ҳамжамият олдида ўтган йили эълон қилинган бўлиб, 2035 йилга қадар иссиқхона газлари чиқиндиларини 50 фоизга қисқартиришдек улкан мақсадни ўз ичига олади. Ушбу лойиҳа миллий мақсадларимиз билан уйғун. Шу билан бирга, бу ҳаракатлар глобал исишни тўхтатишга қаратилган умумжаҳон саъй-ҳаракатларига ҳам хизмат қилади. Асосий мақсадимиз “яшил”, барқарор ва инклюзив иқтисодиётга ўтиш жараёнини жадаллаштиришдир, – деди Ш. Исломов.
Таъкидланганидек, бугунги кунда бешта пилот ташаббус Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ва Сирдарё вилоятининг қишлоқ ҳудудларида амалга оширилмоқда. Унинг доирасида мактаблар, болалар боғчалари ва поликлиникалар каби давлат муассасаларига саккизта пропан асосидаги иссиқлик насослари ва ўттиз саккизта кондиционер ўрнатилди. Ушбу модернизация эскирган электр ва кўмир асосида ишловчи иситиш тизимларини алмаштириб, кўмир истеъмолини 115 тоннага камайтиришга ва иссиқхона газлари чиқиндиларини йилига 215,4 тоннага қисқартиришга ёрдам беради.
Ташаббус болалар учун қулай шароит яратишни мақсад қилган бўлиб, янгилланган тизимлар таълим муассасаларида соғлом ва хавфсиз муҳитни мустаҳкамлайди. Шунингдек, лойиҳа доирасида Тошкентдаги Шота Руставели кўчасида ҳаво сифатини мониторинг қилиш станцияси ишга туширилиб, ҳудуддаги 120 000 нафардан ортиқ аҳолига фойда келтирмоқда.
– Бу ютуқлар шунчаки техник ечимлар эмас. Улар янада пухта ва онгли сиёсий қарорлар қабул қилиш учун мустаҳкам асос яратади. Сирдарё тумани ушбу декарбонизация ечимларини амалда жорий этиб, синовдан ўтказиб ва ўз самарасини намойиш этган пилот ҳудуд сифатида фахрланади. Биз янада тоза ва барқарор йўлни давом эттиришга тайёрмиз, – деди Сирдарё тумани ҳокими Азизбек Турдимуродов.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистоннинг янги “Қазилма ёқилғи субсидиялари инвентаризацияси миллий методологияси” тақдим этилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА