Ўзбекистон - Беларусь парламентлараро форуми ялпи мажлисида Хива декларацияси қабул қилинди
Хива шаҳрида “Стратегик шериклик: парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, ҳамкорликнинг янги вазифалари ва истиқболлари” мавзусида тўртинчи Ўзбекистон - Беларусь парламентлараро форумининг ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Икки давлат парламентлари раҳбарлари, аъзолари, ҳудудлар вакиллари, тадбиркорлар ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этган ялпи мажлис очилишида мамлакатларимиз Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенконинг тадбир иштирокчиларига табрик сўзлари ўқиб эшиттирилди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, Беларусь Миллий мажлиси Республика Кенгаши Раиси Наталья Кочанова Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва икки томонлама манфаатларга асосланганини таъкидлади.
Маълумки, жорий йил 8 - 9 июль кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига расмий ташрифи доирасида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида декларация имзоланди.

Парламент дипломатияси давлатлараро муносабатларнинг муҳим таркибий қисмига айлангани таъкидланди. Президентлар топшириқларига мувофиқ парламентларнинг юқори палаталари олий даражада эришилган келишувларнинг амалга оширилиши устидан доимий назоратни таъминлаб келмоқда.
Мажлис иштирокчилари машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электротехника, тўқимачилик ва мебель саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш муҳимлигига эътибор қаратди.
Андижон ва Витебск вилоятлари ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ишбилармон доиралар вакилларининг ўзаро алоқалари фаол ривожланмоқда, қўшма ишлаб чиқариш ва ижтимоий ташаббуслар муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, Минск, Тошкент ва Витебск шаҳарларида ўтказилган Ўзбекистон - Беларусь тадбиркор аёлларининг бизнес-форумлари доирасида шаклланган ҳамкорлик тажрибаси юқори баҳоланди. Тадбиркор аёллар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, уларнинг қўшма лойиҳалардаги иштирокини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Эришилган келишувларни амалга ошириш, шериклар ўртасида доимий мулоқотни қўллаб-қувватлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда юзага келадиган масалаларни тезкорлик билан кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди. Муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва ваколатли органлар билан биргаликда зарур қарорлар, шу жумладан, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қарорлар ишлаб чиқиш имконини берадиган парламент назорати бу борада муҳим ўрин тутиши зарур.
Бу борадаги ишларни изчил мувофиқлаштириш учун парламентлараро комиссия салоҳиятидан самарали фойдаланиш, мажлисларда муҳим қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва форум давомида белгиланган долзарб масалаларни кўриб чиқиш таклиф этилди. Бундай ёндашув мулоқотнинг узлуксизлигини таъминлаш ва эришилган келишувларни амалий қўллаб-қувватлаш имконини беради.
Ялпи мажлис якунида Хива декларацияси қабул қилинди. Унда белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, парламентлар ва ҳудудлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш Ўзбекистон ва Беларусь стратегик шериклигини янги мазмун билан бойитишига ишонч билдирилди.
Норгул Абдураимова,
Бекзодбек Саидов (сурат),
ЎзА