Ўзбекистон автомобиль бозорида барқарор фаоллик сақланиб қолмоқда
Жорий йилнинг август ойида енгил автомобиллар умумий савдосининг қарийб ярми (50,2 фоиз) иккиламчи бозор ҳиссасига тўғри келди. Шу билан бирга, ўсишга асосий ҳиссани маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар қўшди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон автомобиль бозоридаги фаоллик динамикасини мунтазам таҳлил қилиб боради. Шарҳ автомобиль бозорининг асосий сегментлари ва ҳудудлардаги ўзгаришларни қамраб олади.
Август ойи якунларига кўра, барча турдаги автотранспорт воситалари (бирламчи, иккиламчи ва электромобиллар) савдоси 79 мингтадан ошди, бу ўтган ой кўрсаткичига деярли мос келади.
Август ойида енгил автомобиллар савдоси 62,5 мингтани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 2,2 фоизга ошди.
Бир ой давомида автотранспорт воситалари савдоси республикадаги 14 та ҳудуддан 9 тасида ўсди. Энг юқори ўсиш Бухоро (19,1 фоиз), Тошкент (11,9 фоиз) ва Хоразм вилоятларида (10,8 фоиз) қайд этилди.
Ўтган ойга нисбатан фаолликнинг энг катта пасайиши Тошкент шаҳрида (-10,1 фоиз), Андижон (-2,7 фоиз) ва Фарғона вилоятларида (-2,1 фоиз) кузатилди.
Бир ой давомида янги енгил автомобиллар савдоси 20,5 фоизга ўсиб, 30,6 мингтага етди. Ўсишга асосий ҳиссани маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар қўшди, уларнинг савдоси қарийб 25 фоизга ошиб, 25,3 мингтани ташкил этди.
Хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси 5,3 мингтани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 7 фоизга ошди..
Бир ой давомида фойдаланилган енгил автомобиллар савдоси 10,8 фоизга камайиб, қарийб 32 мингтани ташкил этди.
Август ойида бирламчи ва иккиламчи бозорларда электромобиллар савдоси 9,2 мингтани ташкил этиб, ўтган ой даражасида сақланиб қолди.
Фаолликнинг ўсиши республиканинг аксарият ҳудудларида қайд этилди. Энг кўп электромобиль Тошкент шаҳрида (6,3 мингта), Фарғона (662 та) ва Тошкент вилоятларида (455 та) сотилди.
Электромобиллар савдоси Тошкент шаҳрида юқори даражада жамланган бўлиб, пойтахт ҳиссаси бозор умумий ҳажмининг 68,5 фоизини ташкил этди.
Шу билан бирга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан электромобиллар савдоси 44,5 фоизга ўсди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА