Ўзбек тилига эҳтиром, билим ва ижодкорлик тантанаси
Она тилимизга бўлган меҳр ва эҳтиромни юксалтириш, ёшларнинг билимларини мустаҳкамлаш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва ижодий қобилиятларини рўёбга чиқаришга қаратилган республика танловларининг финал босқичлари бўлиб ўтди.
Ўзбек тили байрами муносабати билан Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш маркази ташаббуси билан ташкил этилган «Тил билимдонлари» ҳамда хорижлик талабалар ўртасидаги «Ўзбек тили – қалбим таржимони» танловлари нафақат билим ва маҳорат синови, балки миллий тилга садоқат, маънавий қадриятларга ҳурмат ва ижодий изланишлар майдонига айланди.
102 минг нафардан ортиқ талаба-ёшни қамраб олган «Тил билимдонлари» Республика танловининг финал босқичи Тошкент давлат техника университетида ташкил этилди. Ҳудудий босқичларда сараланиб, энг юқори натижаларни қайд этган 45 нафар иштирокчи ҳал қилувчи беллашувда ўз билим ва маҳоратини синовдан ўтказди.

Иштирокчилар диктант ёзиш, тест саволларига жавоб бериш ва иншо ёзиш шартлари орқали ўзбек тилининг имло қоидалари, грамматик меъёрлари, сўз бойлиги ҳамда мустақил фикрлаш қобилиятини намоён этди.
Танловнинг аҳамияти шундаки, у ёшларни тилни шунчаки ўрганиш билан чекланиб қолмасдан, унинг нозик жиҳатларини чуқур англашга, саводхонликни ошириш ва ўз фикрларини равон, мантиқий ҳамда таъсирчан ифода этишга ундайди.

Хорижлик талабалар ўртасидаги «Ўзбек тили – қалбим таржимони» Республика танловининг финал босқичи эса Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш марказида бўлиб ўтди. Унда 15 нафар хорижлик талаба ўзбек тилидаги билим ва кўникмаларини, ижодий ёндашуви ҳамда ўзини намоён этиш қобилиятини синовдан ўтказди. Танлов доирасида иштирокчилар ўзлари ҳақида ҳикоя қилувчи видеороликлар тайёрлаш ва ўзбек тилида эссе ёзиш шартларини бажарди. Танловнинг эркин мавзудаги бадиий чиқиш шарти эса иштирокчилар учун ўзбек тилидаги нутқ маҳорати, саҳна маданияти ва ижодий тафаккурини намоён этиш имкониятини яратади. Эътиборлиси, ўзга юрт вакилларининг ўзбек тилини ўрганиши, унинг бой ифода имкониятларидан фойдаланиб, ўз фикр ва туйғуларини баён этиши тилимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини оширишга хизмат қилади. Зеро, тилни ўрганиш халқнинг тарихи, маданияти, урф-одатлари ва маънавий оламига яқинлашиш демакдир.

Бугунги глобаллашув даврида она тилимизни асраб-авайлаш, унинг нуфузини ошириш ва ёш авлод қалбида тилга муҳаббат туйғусини шакллантириш муҳим. Бундай танловлар ёшларнинг билимга интилишини рағбатлантириш билан бирга, уларда соғлом рақобат, изланувчанлик, ташаббускорлик ва ўз устида ишлаш кўникмаларини ҳам ривожлантиради.
Айниқса, минглаб талаба-ёшларни бир мақсад атрофида бирлаштирган мазкур танловлар ўзбек тилининг бойлиги ва жозибасини намоён этиш, унинг қадрини янада юксалтириш ҳамда тилсевар ёшларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги муҳим ташаббуслардан биридир.
Н.Усмонова,
ЎзА