“Ўзбек киноси яна ўзининг олтин даврига қайтмоқда” – Раъно Ярашева (+видео)
Кино халқнинг тарихий хотираси ҳамда миллий ўзлигини акс эттириб, унинг дунёга айтадиган сўзини бадиий образлар орқали ифодалайди. Айрим фильмлар муайян давр манзарасини муҳрласа, бошқалари йиллар оша яшаб, томошабин қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллайди. Жумладан, “Ўткан кунлар”, “Шум бола”, “Суюнчи” каби асарларнинг авлодлар меҳрини қозониб келаётгани бежиз эмас. Бу фильмларнинг қадрини сақлаб турган асосий жиҳат – экранда ўзбекона руҳият, миллий характер ва ҳаёт ҳақиқатини ишонарли гавдалантира олганидадир.
Бугунги миллий кинематография олдида ҳам ана шундай умрбоқий асарлар яратиш, замондошларимиз қиёфасини, давримизнинг мураккабликлари ва интилишларини экран тилида маҳорат билан ифодалаш вазифаси турибди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 26 октябрь куни “Ўзбекфильм” киностудиясида кино соҳаси вакиллари билан учрашувида миллий кино тараққиётининг айни шу жиҳатлари билан бир қаторда, соҳа келажагини белгилайдиган муҳим ташкилий ва иқтисодий масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Мазкур мулоқотда белгиланган устувор вазифалар ва киноижодкорлар учун яратилаётган кенг шароитлар шундан далолат берадики, бугун соҳада юксак мақсадлар билан ижод қилиш учун барча имкониятлар тўла мавжуд.
– Охирги йилларда мамлакатимизда кўплаб соҳалар қатори кино, театр ва умуман, санъатга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Раъно Ярашева. – Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Масалан, спорт миллат танламайди, уни бутун дунё бирдек тушунади ва кузатади. Санъат турлари орасида эса айнан кино халқимизнинг дунёқараши, тарихи ва бугунги ҳаётини жаҳон экранлари орқали намоён этишда энг катта имкониятга эга соҳадир. Давлатимиз раҳбарининг кино санъатига кўрсатаётган эътибори замирида ҳам улкан маъно мужассам. Бу орқали кечаги тарихимизни, бугунги шиддатли ўзгаришларимизни ва эртанги юксак мақсадларимизни экранда акс эттиришга кенг йўл очилмоқда. Ишонаманки, ўзбек киноси яна ўзининг олтин даврига қайтмоқда.
Батафсил видеода:
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА