“Ўзархив”: Жорий йил биринчи чорагида эришилган натижалар кўриб чиқилди
Пойтахтимизда “Ўзархив” агентлиги томонидан 2026 йил биринчи чорагида ижро интизомини таъминлаш ҳамда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари асосида агентликда ижро интизомини мустаҳкамлаш, қонунлар ва давлат раҳбари ҳамда Ҳукумат ҳужжатларининг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, агентликда Ижро назорати ва иш юритиш бўлими ташкил этилди. Ижро интизомига масъул ходимларнинг малакасини ошириш амалиёти йўлга қўйилган бўлиб, ижро ҳолати юзасидан кунлик тизимли мониторинг олиб борилмоқда. Камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан интизомий чоралар қўлланилмоқда.
Шунингдек, ҳар ҳафтада камида икки маротаба топшириқлар ижроси ва мурожаатлар билан ишлаш ҳолати раҳбарият иштирокида муҳокама қилиб келинмоқда. 2026 йил биринчи чорак ҳолатига агентликка қонунлар ҳамда Президентимиз ҳужжатлари билан боғлиқ жами 35 та топшириқ келиб тушган. Уларнинг 22 тасида агентлик асосий ижрочи, 13 тасида эса қўшимча ижрочи сифатида белгиланган.
Мазкур топшириқларнинг барчаси белгиланган муддатларда сифатли ижро этилди ва тегишли асословчи ҳужжатлар билан идоралараро ягона электрон тизимга киритилиб, назорат қилувчи органлар томонидан келишилди.
Ижро интизомини таъминлашда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида тегишли маълумотлар мунтазам равишда “Ўзархив” агентлигининг расмий веб-сайтига жойлаштириб борилмоқда.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш масаласида жорий йил биринчи чорак ҳолатига агентликка жами 206 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 28 таси назоратдаги топшириқлар ҳисобланади. Барча мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда ва ҳозирги кунга қадар муддати ўтган мурожаатлар мавжуд эмас.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган 163 та мурожаатдан 139 таси ижро этилган, 24 таси ижро жараёнида, муддати ўтган мурожаатлар мавжуд эмас.
“Ўзархив” агентлигига тўғридан-тўғри ёзма келиб тушган 3 та мурожаатдан 2 та ижроси бажарилган, 1 таси бажариш жараёнида.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан келиб тушган 19 та мурожаатдан 17 та ижроси бажарилган, 2 та бажариш жараёнида.
“Ўзархив” агентлиги раҳбарияти томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардаги шаҳар ҳамда туманларда жисмоний ва юридик шахслар сайёр қабули жадвалига асосан 2 та сайёр ва шахсий қабуллар ўтказилиб, уларда 14 нафар фуқаро мурожаатлари кўриб чиқилган.
“Ўзархив” агентлиги раҳбарияти томонидан апрель ойида Навоий ва Хоразм вилоятларида сайёр қабул ўтказилиши режалаштирилган.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзархив” агентлигида ижро интизоми ва мурожаатлар билан ишлаш борасида тизимли, очиқ ва самарали фаолият йўлга қўйилган бўлиб, ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА