ЎзА ижодкорлари Сурхондарёда
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги жорий йил вилоятларда “ЎзА кунлари” лойиҳасини ташкил этиб, ЎзАнинг ҳудудларда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан ахборот соҳасидаги стратегик ҳамкорлигини сифат жиҳатдан мустаҳкамлаётир. Ҳудудлардаги фаолиятини янада ривожлантириб, вилоятларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини кенг тарғиб қилишга эътиборни кучайтирмоқда. Таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида қизиқарли учрашувлар ўтказиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, жойларда юз бераётган ўзгаришларнинг одамлар ҳаётини ўзгартиришдаги аҳамияти ҳақида атрофлича фикр алмашмоқда. Ҳудудлардаги янгиланишлар билан танишиб, қизиқарли мақолалар, видеолавҳалар тайёрламоқда.
Янги лойиҳа доирасида шу йил март ойида Хоразм, июнь ойида Фарғона вилоятида ўтказилган тадбирлар бунга яққол далилдир.
"ЎзА кунлари"нинг мафтункор куз фаслидаги мезбони Сурхон воҳаси бўлди. Агентлик ижодкорлари жанубдаги воҳа аҳли билан учрашувини Термиз давлат университетидан бошлади. Профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан юзма-юз мулоқот қилди.
Университетда 17 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Уларга 600 дан ортиқ профессор-ўқитувчи илм-фан сирларини ўргатаётир. Кейинги йилларда таълим ва бошқарув жараёнларини рақамлаштириш университет фаолиятининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. 2025 йилдан Регистратор офиси фаолияти йўлга қўйилиб, талабаларга кўрсатиладиган хизматлар сони 120 дан ошди. Уларнинг 70 дан ортиғи тўлиқ рақамлаштирилди. Ўқув жараёни HEMIS, масофавий таълим LMS платформалари орқали бошқарилмоқда. Бир қатор рақамли платформалар ягона ахборот тизимига интеграция қилиниб, сунъий интеллектга асосланган ягона ахборот экотизимини шакллантириш ишлари олиб борилмоқда. Илмий натижаларни амалиётга жорий этиш ва тижоратлаштириш йўналишида ҳам янги тизим шаклланмоқда. Давлат илмий грантлари ва инновацион танловлар доирасида миллиардлаб сўмлик лойиҳалар молиялаштирилди. Хитойлик олимлар билан ҳамкорликда 500 минг АҚШ доллари қийматидаги замонавий археология лабораторияси ташкил этилди. “In-vitro” лабораторияси, “Афғон шамоли”нинг салбий таъсирини камайтириш бўйича илмий-тадқиқот маркази фаолияти йўлга қўйилди. 50 дан ортиқ стартап лойиҳалар ишлаб чиқилди. Қуввати 2720 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси негизида “ТерДУ Жануб офтоби” Spin-off корхонаси ташкил этилди.
Меҳмонлар йирик олий таълим даргоҳи олимлари ва иқтидорли талабаларнинг ютуқлари, инновацион маҳсулотлари билан яқиндан танишди.
Минтақамизда ягона "Термиз халқаро савдо маркази" эркин савдо маркази ҳам ижодкорларда бой таассурот уйғотди. Савдо зонаси тақдимот қилинди. Имтиёзлар, божхона ва бошқа хизмат кўрсатиш тартиблари билан таништирилди. Марказда ишлаётган ўзбек ва афғон фуқаролари билан суҳбатлашди.
Шу йилнинг ноябрь ойида 1200 йиллиги кенг нишонланадиган буюк аллома Ҳаким Термизий ҳамда пайғамбаримиз авлодлари мангу қўним топган Султон Саодат мажмуаларини зиёрат қилди.
Жанубдаги воҳада "ЎзА кунлари" эртага давом этади.
[gallery-31627]
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири